Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ХМТнинг иккита конвенцияси Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди
19:14 / 2020-11-19

Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат инспекцияси соҳасига оид “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сонли (Женевада 1947 йил 11 июлда қабул қилинган) ва “Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 129-сонли (Женева, 1969 йил 25 июнь) конвенциялари 2020 йил 19 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги сайтида маълум қилинган.

Айни пайт ушбу халқаро шартномаларда мос равишда 148 ва 54 давлат иштирокчи ҳисобланади.

Конвенциялар саноат, савдо ва қишлоқ хўжалигида ходимларнинг меҳнат шароити ва ушбу соҳалардаги иш жараёнида меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг қўлланишини таъминлаш учун масъул бўлган меҳнат инспекцияси тизимини яратишга қаратилган.

Ҳужжатларда ўз вазифаларини бажариш чоғида ходимларни ҳимоя қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш учун масъул бўлган идора сифатида меҳнат инспекциясини ташкил этиш, тузилманинг моддий-техник воситалари, ваколати, вазифаси ва функциясини тартибга солувчи асосий қоидалар белгиланган.

Ушбу халқаро шартномаларга мувофиқ, меҳнат инспекцияси тизимининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

иш жойида ходимнинг меҳнат шароити ва меҳнат муҳофазаси соҳасидаги, шу жумладан иш вақти, иш ҳақи, меҳнат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, аёллар ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳамда бошқа шу каби масалалар бўйича қонун ҳужжатларига амал қилинишини меҳнат инспекторлари томонидан таъминлаш;

иш берувчи ва ходимга меҳнат қонунчилигига амал қилишнинг энг самарали воситалари тўғрисида тегишли ахборот ва тавсиялар бериш;

ваколатли органга амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қоида бузарликлар ёки суистеъмол қилиш ҳолати тўғрисида хабар бериш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш.

Халқаро меҳнат ташкилотининг ушбу конвенцияларида Ўзбекистон Республикасининг иштироки меҳнат инспекцияси соҳасида халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш орқали миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш ва меҳнат инспекцияси ходимлари малакасини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, иштирокчи давлатлар меҳнат инспекцияси хизматлари билан самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, мазкур конвенциялар меҳнат соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ижроси устидан назоратни янада кучайтириш, саноат, савдо ва қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, шунингдек, меҳнат ва бандлик соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича иш сифатини янги даражага кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

ЎзА