Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро миграция ташкилоти дунё бўйлаб 281 миллион халқаро муҳожир борлиги, қочқинлар сони эса 117 миллионга етганини маълум қилди.
ХМТ 2024 йил учун тақдим этган Жаҳон миграция ҳисоботида глобал миграция жараёнидаги сезиларли ўзгариш, жумладан кўчирилганлар рекорд даражага чиққани, тартибсиз муҳожирлар миқдори сезиларли равишда ўсгани кўрсатилган.
Қайд этилишича, халқаро миграция инсон тараққиёти ва иқтисодий ўсиш билан бевосита боғлиқ. Ушбу соҳага халқаро ёрдам 2000 йилдан 2022 йилгача 650 фоиздан ҳам кўпроқ ошиб, 128 миллиард доллардан 831 миллиард долларга кўтарилган.
Таҳлилчилар фикрича, COVID-19 туфайли хайрия сезиларли даражада камайган бўлса-да, бу борадаги ўсиш давом этяпти.
Ҳисоботда жами хайриянинг 647 миллиард доллари паст ва ўрта даромадли мамлакатларга берилгани, бу маблағ мамлакатлар ялпи ички маҳсулоти муҳим қисмини ташкил қилиши қайд этилган. Эътиборли жиҳати, хайрия миқдори ушбу мамлакатларга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициядан ҳам кўп.
Дунё бўйлаб можаро, зўравонлик, табиий офат ва бошқа сабаб туфайли уйини тарк этганлар сони 2022 йил охирига келиб 117 миллион кишига етди. Бу ҳолат кўчиш инқирозига зудлик билан ечим топиш зарурлигини кўрсатмоқда.
ХМТ Бош директори Эми Поуп айтишича, ҳисобот далил ва таҳлил орқали инсон ҳаракатчанлиги билан боғлиқ мураккабликни аниқлашга ёрдам беради.
– Миграция ўсиш даражасини тушуниш онгли қарор қабул қилиш ва самарали сиёсат чорасини кўриш учун жуда муҳим, – таъдиклайди Поуп. – Ҳисобот узоқ вақтдан бери мавжуд тенденция ва пайдо бўлган муаммоларни ойдинлаштириш орқали айни тушунчани ривожлантиради.
Г.Сатторова,
ЎзА