Иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва бандлигини таъминлашда хизматлар соҳаси муҳим аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини оширишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг ўрни беқиёс. Таъкидлаш жоизки, хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг тез ривожланувчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Хусусан, банк-молия, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, суғурта, ахборот-коммуникация сингари соҳаларда хизматларнинг ривож топиб бориши, мамлакат иқтисодиётининг тез суръатларда юқорилашини таъминлайди.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, 2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш натижасида 2021 йилда хизматлар кўрсатиш ҳажми қарийб 20 фоизга ўсди.
Шунингдек, 2017–2021 йилларда иқтисодий фаолиятнинг асосий турлари бўйича кўрсатилган хизматлар ҳажми 2017 йилда 118,8 трлн. сўм (110,7%) ни, 2018 йил 150,9 трлн. сўм (108,9%) ни, 2019 йил 193,7 трлн. сўм (113,2%) ни, 2020 йил 220,0 трлн. сўм (103,0%) ни ва 2021 йил 283,3 трлн. сўм (119,2%) ни ташкил этган.
Хизматлар соҳасини ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этиш орқали бозор хизматлари ҳажмини 2022 йилда 1,5 бараварга ошириш ҳамда қўшимча 1,5 миллион янги иш ўринларини яратиш имконияти мавжудлигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантиришга оид муҳим вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, Фармоннинг соҳа билан боғлиқ қисми келгуси 5 йилда хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 бараварга ошириш ҳамда ушбу йўналишда жами 3,5 миллион янги иш ўринларини яратиш, шаҳар ва туманлар марказларида аҳолининг кундалик эҳтиёжи юқори бўлган маиший ва коммунал хизматларни ривожлантириш бўйича пуллик сантехника, электрик, уй жиҳозларини таъмирлаш, кейтеринг каби хизмат кўрсатиш пунктларини ривожлантириш, республика ҳудудларида савдо ва йўл бўйи хизматларини ривожлантириш орқали 130 та замонавий бозор ва савдо комплекслари, шунингдек йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 65 та йирик ҳамда 5000 та кичик хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш ва сервис соҳасида яширин иқтисодиёт улушини 3 бараварга қисқартириш ҳамда хизматлар соҳасининг жозибадорлигини ошириш мақсадида соҳадаги тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар тақдим этиш каби муҳим вазифаларни қамраб олган.
Шу ўрнида, таъкидлаш лозимки, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, алоҳида ёндашувлар асосида хизматлар соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини молиявий ресурслар ва инфратузилма билан таъминлаш ҳамда уларга қулай солиқ режимини жорий этиш мақсадида 2022 йил 27 январь куни Президентнинг «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг 172-банди ижросини таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Унда хизматлар соҳасининг жозибадорлигини ошириш ҳамда соҳадаги тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар тақдим этилишини таъминлашга оид вазифалар белгиланган.
Қарорга кўра, ҳар бир туман ва шаҳарларда, аҳоли гавжум бўлган кўчаларни савдо, хизмат кўрсатиш, сайилгоҳ ва кўнгилочар кўчаларга айлантириш, шу билан бирга, рақамли хизматлар улушини босқичма-босқич ошириш учун зарур инфратузилма билан таъминланади ҳамда сифатли алоқа ва интернет хизматлари қамровини ва «Электрон ҳукумат» тизими хизматларидан фойдаланиш кўлами кескин кенгайтирилади.
Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари ҳамда бошқа шаҳарларда кўпи билан ҳар 3-5 та маҳалла учун аҳоли гавжум бўлган кўчани ободонлаштириб, пиёдалар йўлакчалари кенгайтирилади ва уларни ёритиш орқали маҳаллалараро савдо-хизмат кўчаси ташкил этилади.
Шунингдек, қарорга кўра, аҳолиси 300 мингдан кам бўлган туманларда – савдо, меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматлари, шунингдек техник хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканларни ташкил этишга устуворлик бериш, шу билан бирга тоғли, тоғолди, рекреацион туризм салоҳияти юқори туманларда – автомобиль йўллари, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти ва бошқа инфратузилмалар яхшиланади ҳамда тайёр лойиҳалар асосида туризм хизматлари ривожлантирилади.
Бундан ташқари, чегара ҳудудларда жойлашган ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистраль ва темир йўллар ўтган туманлар – савдо, туризм, логистика ҳамда йўл бўйи хизматларини кўрсатишга ихтисослаштирилади ва қишлоқ хўжалиги улуши юқори бўлган туманларда – замонавий агрохизматлар ривожлантирилади.
Ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган туманларда эса – замонавий бозор хизматлари, таълим, тиббиёт, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматлари ривожлантирилади.
Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида – йирик савдо ва кўнгилочар хизмат кўрсатиш объектлари кўпайтирилади, таълим ва тиббиёт муассасалари жойлашган ҳудудларда ихтисослашган кластерлар ташкил этилади.
2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш амалиёти жорий этилади.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 90 фоизгача камайтирилади, бунда 2027 йил 1 январгача янгидан қуриладиган объектларга нисбатан мазкур имтиёзни улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 5 йил муддат давомида қўлланилиши назарда тутилмоқда.
2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10 фоиз этиб ўрнатилади, шунингдек 2022 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ жойларда антенна-мачта металл конструкцияларини, уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар ҳамда улар эгаллаган ер участкаларини юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилади.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастота органларининг тегишли рухсатномаларига асосан радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади ҳамда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан экспорт қилинган ахборот технологиялари хизматларининг бир йиллик ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошганда 25 фоизга, 20 миллион АҚШ долларидан ошганда 50 фоизга пасайтирилади.
Мухтасар айтганда, мазкур Қарор ижроси хизматлар соҳасининг ривожланиши, янги иш ўринларининг яратилиши ва соҳага оид тадбиркорларга қулайликлар олиб келишига хизмат қилади. Зеро, хизматлар соҳасига оид ислоҳотлар соҳанинг ЯИМдаги улушининг ортиши ҳамда кўплаб тадбиркорлик субъектларининг пайдо бўлишига замин яратади.
Искандар ЎРОҚБОЕВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
бош мутахассиси