Инсонлар ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўрни беқиёсдир. Шу боис ҳам дунё мамлакатлари миқёсида хизмат кўрсатиш соҳаси муттасил ривожланиб бормоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, иқтисодиётнинг барча жабҳалари сингари хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам туб ўзгаришларга олиб келди.
Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг мамлакат ҳудудларида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Сўнги йилларда ялпи ички маҳсулотда хизматларнинг улуши 2017 йилда 41 фоиздан 2024 йилда 47 фоизга ошиб, иқтисодиётнинг асосий драйверига айланди. Сўнгги етти йилда бозор хизматлари ҳажми 22 миллиард доллардан 63 миллиард долларга етди.
Аҳоли даромади ва тўлов қобилияти 2 карра яъни 1,5 минг доллардан 3 минг долларга ошгани натижасида, одамларда янгича хизмат турларига талаб ортиб бориш билан бирга, юқори даромадли хизмат турларида аҳоли бандлиги кенгайиб бормоқда.
Бугунги кунда кўрсатилаётган хизматларнинг 87,4 фоизи яшаш ва умумий овқатланиш (22,4%), савдо (18,3%), транспорт (17,7%), молия (17%), “Ай-Ти” (6,9%), таълим ва тиббиёт (5,6%) соҳалари ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг ривожланиши қолган соҳаларнинг ўсишига ҳам туртки бўлмоқда.
Мамлакатимизда 2025 йилнинг январь-март ойларида республикада бозор хизматлари ҳажми 210,8 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,6 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида хизматлар соҳасида юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (116,9 фоиз), Самарқанд (114,0 фоиз) ва Навоий (113,1 фоиз) вилоятларида қайд этилган.
Хусусан, ҳудудларда 58 мингта янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилди, соҳада 2,6 миллион нафарга яқин аҳоли бандлиги таъминланди. Шунингдек, ҳудудларда 11,7 мингта янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилди, соҳада 453,8 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шунингдек, танланган 150 та кўчаларда қиймати 1,3 триллион сўмлик 1,7 мингта хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилди.
2024 йилда илк бор Тошкент шаҳрининг барча туманларида танланган кўчаларни ташқи муҳандислик-коммуникацияларини яхшилаш орқали уларни туну-кун ишлайдиган гастрономик, туризм, ёшлар сайлгоҳи, савдо-сервисга ихтисослашган махсус хизмат кўрсатувчи кўчаларга айлантириш мақсадлари учун 20,0 миллиард сўмдан жами 240 миллиард сўм бюджет ссудаси Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига икки йил муддатда қайтариш шарти билан ажратиб берилди.
Ушбу кўчаларда биринчи босқичда ҳар бир туманда 1 тадан жами 12 та туну кун фаолият юритувчи кўчаларни ташкил этиб, 357 та лойиҳада 1,3 мингдан зиёд аҳолининг бандлигини таъминлаш белгиланди. Мисол учун, Миробод туманидан танлаб олинган Тарас Шевченко кўчаси инфратузилмасини яхшилаш учун ажратилган маблағдан 18,6 миллиард сўми сарфланиб, белгиланган вазифа лойиҳа концепциялар асосида 3-босқичда ташкил этилган. Бугунги кунда 1-босқич ишлари ўз якунига етказилиб, аҳоли ва сайёҳлар учун бу кўча қулай масканга айлантирилди.
Бундан ташқари, халқаро автомобиль йўллари бўйида 1,6 триллион сўмга тенг 1 минг 116 хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилди. Барча дастурлар доирасида хизматлар соҳасига 61,4 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилиб, 70 мингдан зиёд лойиҳа ишга туширилди.
Хизматлар соҳасида 475 гектар ер майдонлари аукцион савдоларида 6 минг 670 нафар тадбиркорга сотилди. Енгил турдаги кўчма савдо объектларини ташкил этиш учун 5,9 мингта ер майдони сотилди.
Таъкидлаш лозимки, хизмат кўрсатиш соҳаси одамлар ҳаётини яхшилашга қаратилган. Одамларнинг ҳаётини яхшилаш эса бениҳоя кенг қамровли жараён, шу туфайли унинг тармоқлари ва кўлами жуда кенг. Ушбу соҳа одамларга муносиб шароит яратиб бериш билан бирга мамлакат ялпи ички маҳсулотида ҳам ўзининг сезиларли ўрнига эга бўлиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида хизмат кўрсатиш соҳасида ҳудудларда чакана савдода 5,2 мингта, маиший хизматда 1,4 мингта, туризм билан боғлиқ йўналишларда 738 та, таълим ва тиббиёт соҳаларида 730 та ҳамда 3,6 мингдан зиёд бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилди.
Ҳозирги модернизациялаш жараёнлари амалга оширилаётган бир пайтда иқтисодиётнинг асосий қисмини хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари эгалламоқда. Уларнинг улуши ялпи ички маҳсулотда, иқтисодиётда банд бўлганларнинг таркибида, давлат бюджетига тўланадиган солиқларда, янги иш ўринларини яратиш каби энг муҳим масалаларда муттасил ошиб бормоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 23,3 мингдан зиёди учун янги иш ўринлари яратилган. Шунингдек, янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилиши натижасида Транспорт соҳасида 3 минг 708 йўналишда 36,2 минг жамоат транспорти ҳаракатланиши йўлга қўйилиб, 333,6 минг нафар йўловчига ташиш хизматлари кўрсатилди.
Туризм соҳасида эса жорий йилнинг биринчи чорагида республикага 2,1 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, 927 миллион долларлик туризм хизматлари кўрсатилган. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ҳудудлар бўйлаб 2,3 миллион кишининг саёҳати амалга оширилган. Туризм ва унга ёндош соҳалар йўналишида 1,8 мингта янги иш ўрни яратилган.
Шу билан бирга, Сенат йиғилишида мазкур соҳада бир қатор муаммолар ҳам мавжудлигини қайд этилди. Жумладан, хизматлар соҳасида ижара, таълимга доир, шахсий хизматлар ва савдо хизматлари ҳажми ўсиши суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашгани ҳамда яширин иқтисодиёт улуши сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Соҳада фаолият кўрсатмасдан келаётган тадбиркорлар мавжудлиги, хизматлар соҳасида аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги дастур ижросини таъминлашда Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Аҳолига турли-туман хизматлар кўрсатиш, айниқса, ҳудудларда яхши йўлга қўйилмаган. Унинг аҳоли ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилашдаги имкониятларидан тўла фойдаланилмаяпти ҳамда ҳозирги замонавий ислоҳотлар аҳолининг товарлар ва хизматлар бозорини ривожлантириш самарадорлигини оширишни кун тартибига қўймоқда.
Хизматлар соҳасидаги мазкур камчиликларни бартараф этиш, унинг ривожланишини ошириш, айниқса, ҳудудларда жадаллаштириш, шу асосда мамлакат иқтисодиётини барқарор ва динамик ривожлантиришда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўрни ва аҳамиятини ошириш, аҳолининг турли-туман товарларга ва хизматларга бўлган ҳамда тобора ўсиб ва кенгайиб бораётган эҳтиёжларини имкон қадар тўлароқ қондириш мамлакатимизда изчиллик билан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор вазифаси ҳисобланади.
Жорий йил якуни билан бозор хизматларининг ўсиш суръати 15,4 фоизга етказилиши мақсадида ҳудудларда хизматлар соҳаси инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 652 та драйвер лойиҳа ишга туширилади. Бунда, 72 та соҳил бўйи дам олиш маскани, 62 замонавий қиёфадаги истироҳат боғи, туну кун фаолият юритадиган, туризм ва гастрономик йўналишларга ихтисослашган 154 савдо ва кўнгилочар кўчалар, 364 та йўл бўйи ва бошқа сервис объектларини ташкил этиш белгиланган.
Ҳудудларда жами 40,5 мингта янги савдо ва хизмат кўрсатиш объекти, шундан 15,6 мингта чакана савдо, 4,7 мингта маиший, 3,6 мингта умумий овқатланиш, 600 тага яқин таълим, 500 тадан ортиқ туризм, 400 тага яқин тиббиёт ва 15 мингдан ортиқ бошқа турдаги хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади.
Хизматлар соҳани ривожлантириш мақсадида давлат ва хусусий банклар томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 51,0 миллиард сўмга яқин кредит маблағлари ажратилади.
Кўчма савдо фаолиятини амалга ошириш учун 16 мингта ер майдонлари “К-савдо” платформаси орқали савдоларга чиқарилди.
Амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида йил якунига қадар 2,4 миллион нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
Бунда, доимий ишга жойлаштириш ҳисобига 1,1 миллион нафар, тадбиркорликка жалб қилиш ҳисобига 757,6 минг нафар ва норасмий иш ўринларини расмий секторга ўтказиш ҳисобига 498,5 минг нафарни аҳоли бандлиги таъминланади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳудудларда хизматлар соҳасида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, унинг турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш орқали хизматлар ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган корхоналарда ходимларни ишга расман қабул қилиш ва тизимда қайд этишни такомиллаштириш ҳозирги кундаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланаади.
Жамила Бобоназарова,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
ЎзА