Мирзаобод туманида янги сайланган 17 нафар маҳалла раисига хизмат гувоҳномалари ҳамда “Маҳалла раиси” кўкрак белгилари тантанали равишда топширилди. Туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган мазкур йиғилишда маҳаллий ҳокимият ва жамоатчилик вакиллари, жумладан туман ҳокими Абдураҳим Умаров, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси туман бўлими раҳбари Муҳиддин Мавлонов, маҳалла фаоллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этишди.
Тадбирда Президентимизнинг 2023 йил 18 августдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, маҳалла институтининг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларига ечим топишда “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этишга доир вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидландики, маҳаллада жамоавий бирликни таъминлаш, аҳолининг ҳаёт сифатига таъсир кўрсатаётган долзарб масалаларга жавобгар бўлиш, фуқаролар билан очиқ мулоқот ўрнатишда маҳалла раислари етакчи куч сифатида майдонга чиқмоқда.

Йиғилишда Т. Аҳмедов номидаги маҳалла фуқаролар йиғинига янгитдан сайланган Қанбарали Холбоев ҳам сўзга чиқиб, унга билдирилган ишонч учун раҳмат айтди ва ўз олдига қўйган асосий мақсад ва вазифаларни баён этди:
– Янги вазифамни жамоа билан ҳамжиҳатликда, аҳоли манфаатини биринчи ўринга қўйган ҳолда бажаришга интиляпман. Маҳаллада тинчлик ва тотувликни сақлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиздан бири бўлади.

Туман раҳбарияти томонидан янги раисларга масъулиятли фаолиятларида омад тиланди, маҳаллада самарали иш олиб бориш, аҳоли ишончини оқлаш ва фуқароларнинг турмуш фаровонлигини оширишга доимий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири