Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хизмат чоғида ҳалок бўлган зобит хонадонидан хабар олинди
17:14 / 2025-01-10

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги арафасида бир гуруҳ ҳарбийлар хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган, марҳум капитан Шоядбек Тожимаматов хонадонида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” шиори остида ўтказилаётган акция доирасида ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хонадонига бориб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинмоқда. 

Андижон вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси, бошқарма Фахрийлар кенгаши, Шарқий ҳарбий округига қарашли Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Андижон вилоят кенгаши вакиллари марҳум капитан Шоядбек Тожимаматовнинг Қўрғонтепа тумани Дардоқ қишлоғидаги хонадонида бўлиб, унинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиб, улар билан суҳбатда бўлди. 

Суҳбат давомида марҳум ҳарбий хизматчининг мард ва ватанпарварлиги, юксак инсоний фазилатлари ҳақида гапирилди. 

– Турмуш ўртоғим бурчига садоқатли, фидойи офицер бўлган, – дейди марҳум ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Мафтунахон Асқарова. – Қолаверса, жуда ҳам оилапарвар эди. Қизларини еру кўкка ишонмасди. Унинг порлоқ хотираси бизнинг, фарзандларининг қалбида мангу яшайди. 

Ҳарбийларга, ҳукуматимизга раҳмат. Байрамларда бизни йўқлаб туришади. Бугун бири мактаб ўқувчиси, иккинчиси боғча тарбияланувчиси бўлган фарзандларим ҳам Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган оталари билан фахрланади. 

Ҳарбийлар томонидан марҳум зобитнинг оила аъзоларига эсдалик совғалари топширилди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари