Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хивада “Қовун сайли” — Хоразмнинг шарбатли анъанаси давом этмоқда
16:56 / 2025-07-01

Ҳар йили август ойида шарқ гавҳари саналган қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида анъанавий халқаро “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтади.

Хоразм қовунчилигини кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборини қаратиш ва туристлар оқимини ошириш мақсадида ўтказиладиган мазкур фестивал жорий йилнинг 8-10 август кунлари ўтказилади.

Айни дамда мазкур нуфузли тадбирни ўтказиш мақсадида вилоятда катта тайёргарлик кўрилмоқда. 

Қайд этиш керакки, Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро “Қовун сайли” фестивалида нафақат Хоразмнинг барча туманларидан, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларидан деҳқонлар, соҳибкорлар, боғбонлар далаларда, боғларда етиштирилган қовун, тарвузлар, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлари билан фаол қатнашади. 

Фестивал ўтказиладиган “Arda Xiva” туристик мажмуаси ҳудудида вилоятлар, воҳанинг шаҳар ва туманлари, корхона-ташкилотлари учун алоҳида павильонлар ажратилади. Павильонларда миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган полиз экинлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилади.

[gallery-24125]

Халқаро фестиваль доирасида фольклор жамоалари чиқишлари, концерт дастурлари, тасвирий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, дарбозлар ўйини, хон ва аёнлар чиқиши, қўғирчоқ театри томошалари, миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, жонли ижродаги саҳна кўринишлари ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 

Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, полиз экинлари, қандолат ва асаларичилик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари кўргазмалари ҳам ташкил этилади. 

Иштирокчилар фестивал якунида ташкил этилган танловларда қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотларига эга бўлади. 

Ўтган йилги анъанавий қовун сайлида ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хоразм вилояти Янгибозор тумани фестивалнинг олий ўрин соҳиби деб топилиб “Tracker” енгил автомашинаси билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган Урганч шаҳрига “Onix”, иккинчи ўринни эгаллаган Хива туманига эса “Damas” машинаси топширилди. Учинчи ўрин эса Урганч, Қўшкўпир туманлари ва Хива шаҳрига насиб қилди ҳамда уларнинг ҳар бирига мотоцикллар берилди. 

Шунингдек, “Қовунни қайта ишлаш ва сақлагани учун”, “Қадимий Хоразм навларини тиклаш ва янги инновацион технологиялар жорий қилганлиги учун”, “Қовунчиликда энг юқори рентабелликка ва экспортбоп қовун етиштирганлиги учун”, “Энг ширин экологик қовун етиштирганлиги учун” каби номинациялар бўйича бир қатор туман ва шаҳарлар, муассасалар ҳамда фермер хўжаликлари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган. 

Қовун сайлининг якуний қисмида барча меҳмонлар ҳамда ташриф буюрувчиларга саҳналаштирилган чиқишлар ва хорижлик санъаткорлар ҳамда ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари иштирокида катта гала-концерт ва шоу дастурлари намойиш этилади.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари