Ҳар йили август ойида шарқ гавҳари саналган қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган анъанавий халқаро “Қовун сайли” фестивали якунланди.
«Қовун сайли» бу нафақат ширин қовунлар намойиши, балки маданий ва гастрономик томоша ҳамдир. Чунки, Хоразм замини асрлар давомида нафақат бой тарихи ва маданий мероси, балки ўзининг серқувват, ширин ва хушбўй қовунлари билан ҳам машҳур. «Қовун сайли» фестивали ҳар йили ана шундай миллий бойликни кенг тарғиб қилиш, туризм салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий аҳоли ва меҳмонларни бирлаштириш имконини беради.
Хива шаҳрида уч кун давом этган фестиваль доирасида воҳанинг шаҳар ва туманлари, корхона-ташкилотлари учун алоҳида 19 та павильон ажратилган бўлиб, миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган полиз экинлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.
Ҳар бир павильонда ўзига ҳос маданий дастурлар, театрлаштирилган саҳналар, миллий либослар намойиши, фолклор ансамбллари концертлари, миллий таомлар кўргазмалари ҳам ташкиллаштирилди.
[gallery-24699]
“Қовун сайли” Хоразмнинг туристик жозибасини оширишда муҳим ўрин тутади. Фестиваль давомида вилоятга қарийб икки миллионга яқин маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ташриф буюришди. Бу эса меҳмонхона, ресторан ва хизмат кўрсатиш соҳаси ривожига ҳам ҳисса қўшади. Шунингдек, маҳаллий фермерлар учун янги бозорлар ва ҳамкорлик имкониятлари яратилди.
Хоразм қовунлари жаҳон бозорида ҳам машҳур. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида Хоразм вилояти деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган 5 минг тонна қовун маҳсулотлари жаҳон бозорларига йўл олди. Экспорт ҳажмининг умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларидан ошиб, вилоят қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳияти янада мустаҳкамланди.
Хоразмда етиштирилган ширин ва сифатли қовунлар асосан Россия, Польша, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларга жўнатилган.
Қовун экспорти нафақат фермерлар даромадини кўпайтиради, балки Хоразм вилоятининг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Фестиваль доирасида 125 турдаги қовун навлари, улардан тайёрланган 150 дан ортиқ маҳсулотлар намойиш этилди.
Қовун сайли якунида ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хоразм вилояти Урганч шаҳри фестивалнинг олий ўрин соҳиби деб топилиб, “Tracker” енгил автомашинаси билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган Хива шаҳрига “Onix”, иккинчи ўринни эгаллаган Янгибозор тумани ва “UzAuto Motors” АЖ Хоразм вилояти филиалига эса “Damas” машиналари топширилди. Учинчи ўринга лойиқ кўрилган туманлар ва ташкилотларга мотоцикллар берилди.
Фестиваль якунида маҳаллий ва хорижий санъаткорлар иштирокида катта гала-концерт дастури намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари