Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хивада 9 тонна палов тайёрланади (+видео)
14:14 / 2025-12-12

Жорий йилнинг 9 ойида Хоразмга 150 га яқин хорижий давлатлардан икки миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу рақам маҳаллий сайёҳлар билан қўшиб ҳисобланса, қарийб ўн миллионга етади.

Сайёҳлар оқимининг ортишида вилоятда йил давомида ўтказилаётган 10 дан ортиқ халқаро фестиваллар, 20 дан ортиқ маҳаллий оммавий тадбирларнинг  аҳамияти катта. “Халқаро бахшичилик санъати”, “Қовун сайли”, “Лазги” халқаро фестиваллари, “Стронгмен” халқаро баҳодирлар ўйини, Хоразм халқаро инвестициялар форуми ҳамда “Хоразм хонлари миллий таомлари” халқаро гастрономик фестивали каби халқаро тадбирлар шулар жумласидандир.  

Шу ойнинг 14-санасида эса "Хоразм палови" халқаро ош фестивали бўлиб ўтади.

Хива шаҳрининг "Арда Хива" туризм мажмуасида бўлиб ўтадиган халқаро гастрофестивалида республикамизда ва бутун дунёда машҳур ошпазлар иштирок этиши кутилмоқда.  

Шу куни мамлакатимизда илк бор рекорд оғирликдаги 9 тонна палов-ош тайёрланади.

—Албатта, тўққиз тонна паловни тайёрлаш осон бўлмайди, —дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов. – Бунинг учун ҳозир туристик мажмуа ҳудудида махсус жой ажратилиб, Оҳангарон кон-металлургия комбинатида тайёрланган ўчоқ ва дошқозон келтирилиб ўрнатилди. Барча хавфсизлик чорали кўрилмоқда. Катта миқдордаги бундай паловни  пиширишда  республикамизнинг энг кўзга кўринган, машҳур ва катта тажрибага эга 25 нафар ошпази қатнашади. Уларнинг ёрдамчиларини ҳам ҳисобга олсак юздан ортиқ одам таом тайёрлаш жараёнларига жалб этилади.  

Халқаро фестиваль доирасида “Карвин” санъати намойиши,  маданий дастурлар билан бойитилган ошпазлар мусобақаси, 70 дан ортиқ таниқли ошпазларнинг “Маҳорат дарслари”, ҳунармандчилик, “AGRO” ва “FOOD” туризм кўргазмалари, мамлакатимиз ва хорижнинг машҳур санъаткорлари ижросида концерт дастурлари, шунингдек “Кўнгилочар” томошалар ташкил этилади.    

Гастрофестивал  давомида нафақат ош, балки миллий  ва қадимий таомларимиз ҳам тайёрланиб, уларнинг тарихи ва таркиби тарғиб этилади.

Мазкур тадбир нафақат гастрономик туризмни ривожлантириш, балки халқимизнинг қадимий урф-одатлари ва меҳмондўстлик анъаналарини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.  Чунки, бутун дунёдан келган оммавий ахборот воситалари, блогерлар, сайёҳлар ва шарқ ошхонаси мухлислари турли воситаларда юртимизнинг бой гастрономик меросини биргаликда тарғиб этадилар.  

Бу эса Хоразм воҳаси ва унинг меҳмонлари учун шарқона меҳмондўстлик муҳитидан, ўзига хос таъмлар, бетакрор санъат ва ажойиб гўзалликлардан баҳраманд бўлиш имконини беради.  

Ўтган ноябр ойида ҳам Арда Хивада  “Хоразм хонлари миллий таомлари” гастрофестивали ўтказилган. Унда Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 20 дан ортиқ машҳур ошпазлар иштирокида 50 дан ортиқ миллий, Европа ва Осиё таомлари тайёрланди.  

Тарихий аҳамиятга эга бўлган фестивалда хорижлик ва маҳаллий меҳмонларга Хоразм миллий таомлари, жумладан, ўтмишда хонларнинг сарой ошхонасида тайёрланган ноёб таомлари, уларнинг тайёрланиш жараёнини кузатиш ва татиб кўриш имкони яратилади.  

<iframe width="914" height="523" src="https://www.youtube.com/embed/hqRIiho-mLg" title="Xivada 9 tonna palov tayyorlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари