Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хива хонлари саройида шаҳзодалар қандай беллашувда куч синашган?
09:32 / 2020-12-24

Ватанимиз тарихидаги 24 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1409 йил (бундан 611 йил олдин) – Шоҳрух Мирзо Амир Темур вафотидан сўнг Мовароуннаҳр тахтини эгаллаб олган жияни Халил Султоннинг Самарқанддаги тарафдорларини енгиб, мамлакатда осойишталик ва тартиб ўрнатиб бўлгач Ҳиротга қайтиб келди. 

Самарқанддан кетишидан аввал у ўзининг ўн беш ёшли ўғли Улуғбекни Самарқанднинг ҳокими этиб тайинлади. Иккинчи ўн беш ёшли ўғли Иброҳим Султонга – Балх, Муҳаммад Жаҳонгирга – Хисор ва Соли Сарой, Умар Шайхнинг ўғли Аҳмадга – Фарғона тегди. 

Йигирма беш ёшли Аҳмаддан бўлак барча шаҳзодалар ҳали ёш эди. Шунинг учун уларга тегишли мулкнинг ҳақиқий ҳокимлари уларнинг амирлари эди. Самарқандда Улуғбек номидан ҳокимиятни амир Шоҳ Малик бошқарди.

1841 йил (бундан 179 йил олдин) – Хива хони Оллоқулихон Тошҳовлида набираси Муҳаммад Али тўранинг туғилиши шарафига халққа тўй берди. Тарихчи Д.Бегалиеванинг “Хива хонлари саройида шаҳзодалар тарбиясининг айрим анъанавий жиҳатлари” номли мақоласида ёзилишича, бу тўйда “олтун қабақ” маросими ҳам ўтказилган. 

Бунда садоқли (ўқ-ёй отишга қодир) шаҳзодаларнинг тажрибаси ва моҳирлиги, шахсий қобилиятларидаги сезгирлик, синчковлик, фаросатлилик ва мерганлик каби сифатлари синаб кўрилган. Баланд ёғочга қоқилган қовоқ ичига бир дона олтин танга жойлаштирилган. Нишонни камон ўқи билан бехато ва аниқ мўлжалга олганлар мерган ҳисобланган.

1918 йил (бундан 102 йил олдин) – Тошкентдаги Колизей биносида Туркистон халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ва биринчи татар мактаби томонидан “Болалар эртаси” театр ва мусиқа кечаси уюштирилди. Кечада хайрия учун 2 минг 288 сўм 70 тийин маблағ тўпланган.

1918 йил (бундан 102 йил олдин) – шоир, драматург ва кинодраматург, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Туроб Тўла таваллуд топди (вафоти 1990 йил). 

1922 йил (бундан 98 йил олдин) – болалар шоири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Пўлат Мўмин дунёга келди (вафоти 2004 йил). У 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

1925 йил (бундан 95 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Тамара Назарова дунёга келди (вафоти 1998 йил). У “Алишер Навоий” фильмида Гули, “Сен етим эмассан” фильмида Фотима образларини яратган.

1928 йил (бундан 92 йил олдин) – техника соҳасидаги олим, давлат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги Фанлар академияси академиги Оқил Салимов таваллуд топди. У 1984–1987 йилларда Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси бўлган. 1994–1998 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири сифатида фаолият юритган. 1996 йилда “Дўстлик”, 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.

1944 йил (бундан 76 йил олдин) – “Жалолиддин Мангуберди” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Бу воқеани театршунос олим, академик Мамажон Раҳмонов “Мадҳиядай янграган эди” номли мақоласида қуйидагича хотирлаган: “Спектакль премьераси 1944 йилнинг 24 декабрида ўтди. Залга одам сиғмасди, олдинги қаторда Усмон Юсупов бошлиқ ҳукумат раҳбарлари, Ойбек, Ғафур Ғулом, Комил Яшин ва бошқа маданият намоёндалари ўтирардилар... Ижрочилар завқ билан ватан ҳимоясида халқ курашини юксак драматик руҳда ифодалаган эдилар...

Шукур Бурҳонов ижросида Жалолиддин тарихий жиҳатдан ғоят ҳаққоний, бадиий жиҳатдан беҳад таъсирли гавдалантирилганлиги билан биринчи спектаклдаёқ шуҳрат қозонди. У ўз қиёфаси, ҳаракатлари ва бутун сиймоси билан буюк инсон, саркарда, оташин ватанпарвар сифатида кўринади. Актёрдаги кучли эҳтирос, романтик кўтаринкилик, психологик теранлик ҳайратга соларди...”

1998 йил (бундан 22 йил олдин)Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси тасдиқланди.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади