Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хива хонининг кутубхонасини ўз кўзи билан кўрган олим
08:46 / 2021-05-17

Ватанимиз тарихидаги 17 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1405 йил (бундан 616 йил олдин) – Ҳиротда имомларнинг шон-шуҳрати мавлоно Жалолиддин Маҳмуд ал-Халлож ал-Воъиз ал-Ҳиравий вафот этди. У Ҳиротнинг Хиёбонида дафн этилган. Тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг қайд этишича: “У яхши ваъзлар ўқир эди, уларда катта оломон йиғилар эди. Уни Амир соҳибқирон буйруғига биноан кўчирдилар, у ўша Самарқандда кўздан ажралди. Шунда унга бошқа ваъз ўқимаслик шарти билан [Ҳиротга] жўнаб кетишга рухсат бердилар. У шу йилнинг ўзида вафот этди”.

1417 йил (бундан 604 йил олдин) – Темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзо ўз саройига бундан бир неча ой илгари келган Хитой подшоҳи Дой-Минг хоннинг элчиларига зиёфат тузиб, инъомлар бериб, совға-саломлар тайин қилди ва улар қайтишга ижозат олдилар.

Тарихчи олим Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, элчиларнинг бошлиқлари Би-Бочин, Ту-Бочин, Жот-Бочин ва Татқ-Бочинлар уч юз отлиқ билан бирга совға-саломлар, шунқорлар, атлас ва кимхоблар, тарғу, чинни асбоблар ва бошқалардан иборат кўп ҳадялар, шаҳзодалар ва оғолар учун эса алоҳида18 подшоҳона ҳадялар келтирган эдилар.

1875 йил (бундан 146 йил олдин) – Тошкентда ўқув юртлари бошқармаси жорий этилди. Бошқарма ўқув юртлари бош инспектори ва канцеляриядан иборат эди.

1898 йил (бундан 123 йил олдин) – Андижон қўзғолони раҳбари Муҳаммадали эшон халққа мурожаат қилиб, уларни мустамлакачиларга қарши қўзғолон кўтаришга даъват этди. Қўзғолончилар дастлаб Андижон ҳарбий лагерига ҳужум қилдилар. Марғилон ва Ўш уездларидаги ҳарбий гарнизонларга ҳужум уюштириш эса амалга ошмай қолди. Чунки чор амалдорлари бундан хабар топиб, мудофаа учун зарур чораларни кўриб улгурдилар. Қўзғолон ҳақидаги хабарлар Наманган уезди ва Еттисув вилоятига ҳам этиб борди ва бу ердаги аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди. Қўзғолон гарчанд Россия мустамлакачилари томонидан бостирилган бўлса-да, бу озодлик курашининг ёрқин намунаси бўлиб қолди.

1908 йил (бундан 113 йил олдин) – Хива хонлиги маданиятига қизиққан туркийшунос олим Александр Самойлович шу кундан бошлаб 2 июлгача 45 кун давомида хонлик ҳудуди билан танишди. У Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз билан ҳам учрашиб, уни шундай тасвирлайди:

“...ҳозир ҳукмдор бўлиб турган Сайид Муҳаммад Раҳим иккинчи маърифатли хондир. У Хивадаги фан ва санъатнинг ҳомийси ҳисобланади ва мамлакатини илмий ўрганишимга астойдил ёрдам беришини изҳор қилди. Хива хони ҳатто ўзининг шахсий китоб хазинасига киришимга ижозат берди. Мен унинг арк ва Тозабоғдаги кутубхоналарига икки марта ташриф буюрдим. Эътиборимни асосан туркий тилдаги қўлёзмаларга қаратдим. Икки марта Тозабоғдаги хон босмахонасини кўздан кечирдим”.

1947 йил (бундан 74 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева таваллуд топди (вафоти 2018 йил). У ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар – севги ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. Ҳалима Худойбердиева дастлабки шеърий тўпламларидан бошлаб ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг кўрки ва безаги эканлигини уқтиришга интилди.

1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Тошкент–Самарқанд йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Шу куни Самарқанд вокзалига биринчи электропоезд кириб келди. Жиззахдан Самарқандгача бўлган 113 километрлик йўлни электрлаштириш туфайли йилига 500 тонна ёнилғини тежаш имконини берди, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтирди.

2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан қўп йиллик самарали ижоди, ўзбек миллий мусиқа маданиятининг ривожига қўшган улкан ҳиссаси, халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги катта хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, бастакор Мутал (Мутаваккил) Бурхонов “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

2006 йил (бундан 15 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади