Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хива хони тўплаган қадимий буюмлар халқаро кўргазмаларда намойиш этилган
11:00 / 2025-04-12

Ватанимиз тарихидаги 12 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1898 йил (бундан 127 йил олдин) – Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II хонлик ҳудудида сақланиб қолган музейбоп буюмлар – қадимий маданий ёдгорликларни тўплаш ҳақида фармон чиқарди. Тарихчи К.Худойбергановнинг қайд этишича, хон вилоят ҳокимларига шундай буйруқ берди: “Қадимдан қолғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилдирмасунлар, ҳар бир тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса, не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва фуллар бўлса борлаб, топиб мунда юборсинлар”. Мазкур фармон Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг маданиятимиз тарихига, маданий ёдгорликларимизга нақадар эътибор ва маъсулият билан қараганлигидан далолат беради.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Муҳаммад Раҳимхон Феруз хонликни ярим асрга яқин муддат давомида бошқарди. Ўзи ҳам шоир ва бастакор сифатида танилган хон саройга адабиёт ва санъат арбобларини тўплади. Унинг ҳукмронлиги даврида тўпланган Хоразм осори атиқалари, тарихий ҳамда бадиий асарлар, амалий санъат ёдгорликларидан бир қисми 1890 йил Тошкентда, Парижда, 1895 йил Нижний Новгородда ўтказилган Бутунроссия кўргазмасида, 1904 йил Американинг Олон шаҳрида ўтган халқаро кўргазмаларда намойиш қилинди. Бу нодир ва ноёб санъат асарлари жаҳон аҳлида Хоразмнинг бетакрор маданиятига бўлган қизиқишни уйғотди.

1914 йил (бундан 111 йил олдин) – “Ойна” журналининг шу кунги 25-сонида “Бухоро амирининг хазиналари” сарлавҳали мақола берилди. Унда қуйидагича ёзилади: “...Ҳозир Бухоро амирининг тасарруфи остида бўлган хазинанинг ақчаси (олтин ва кумуш) шу даражада мўлки, ҳеч бир давлат хазинасида бул даражада эҳтиёт сақланган олтин ва кумуш пул ва ёмбилар бўлмаса керак. Бухоро амирининг саночларида (чармдан тикилган махсус халталар) сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин (1 олчин тахминан 70 см га тенг) эни 20 олчин ва баландлиги 8 олчин бўлган бир тоғдан иборатдир. Бу хазинадан ташқари, уч олчин катталикда яна бир ер тўла хазинаси бўлиб, у хазина рус, Бухоро ва бошқа бир қанча давлатларнинг олтин пуллари билан тўладир”. 

Мазкур мақолада яна қуйидаги фактлар ҳам қайд қилинганки, улар ҳам амир хазинасининг ниҳоятда бой бўлганини тасдиқлайди. Амир хонадонига тегишли хазина ҳақида гувоҳлик берувчи бир ярим олчин (1 метр) қалинликдаги дафтар бўлиб, бу дафтарда амирнинг бобосидан буён хазинага тўпланган олтин ва кумуш пуллари ҳақида маълумотлар тўпланган эди. 1914 йилга қадар мазкур дафтардаги хазина рўйхати тўла тафтиш қилинмаган. Бу хазинадан на миллат тараққиёти, на маданий эқтиёжлар, на мамлакат ободончилиги ва саодати йўлида бирон қисса сарф қилинмаган. Улар тўпланган, йиғилган Бухоро хазинаси эди. 

1942 йил (бундан 83 йил олдин) – Ленинграддан эвакуация қилинган “Электропульт” заводи (1994 йилдан “Чирчиқ трансформатор заводи” акциядорлик жамияти) ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, заводнинг ташкил этилиши тарихи 1932 йилдан, каскади қурилаётган Чирчиқ ГЭСи ва азот-ўғитлар комбинатининг электр жиҳозларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш учун “Чирчиққурилиш” электромеханик трест устахонаси ташкил этилганида бошланган.

1949 йил (бундан 76 йил олдин) – ёзувчи ва жамоат арбоби Мурод Муҳаммад Дўст таваллуд топди. У 1993–1999 йилларда Президентнинг матбуот котиби бўлган. Унинг “Галатепага қайтиш” қиссаси (1983) истиқлол арафаси ўзбек насрида муҳим воқеа бўлди. Мурод Муҳаммад Дўст ўз асарлари билан адабиётимизнинг китобийлашган тилини янгилаб, унга жонли халқ тили ранглари ва оҳангларини олиб кирди, шева доирасида қолиб кетаётган сўз ва ибораларнинг адабий тилдан ўрин олишга тўла ҳуқуқли эканини исботлаб берди.

1965 йил (бундан 60 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг “Уруш ногиронлари ва урушда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзолари имтиёзларини кенгайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда ногиронларни ишга жойлаштириш тўғрисидаги масала ҳам кўтарилди.

1973 йил (бундан 52 йил олдин) – Жиззах вилоятидаги Зафаробод тумани ташкил этилди. Туман ҳудудидан қадимда Буюк ипак йўли ўтган. Уструшона, Зомин, Пишоғар каби тарихий жойлар, кўҳна қалъалар қолдиқлари, қадимги қабристонлар сакланган.

1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

1999 йил (бундан 26 йил олдин) – ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, миллий мафкура, янгича тафаккурни шакллантиришдаги хизматлари, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштироки учун Мурод Муҳаммад Дўст “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.

2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қидинди. 

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг тарози ва ўлчовлар бўйича бош конференциясининг ассоциaцялашган аъзоси мақомини олиши тўғрисида”ги қарори қабул қидинди.

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қидинди. 

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қидинди. 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА