Хива шаҳридаги “Ичанқалъа” давлат-музей қўриқхонаси тарих ва келажакни бирлаштирган маскан. Бу ерга қилинган саёҳат давомида нафақат мозий билан юзлашиш, балки бетакрор ҳунармандчилик маҳсулотларини ҳам кузатиш имкони бор. Йилдан-йилга очиқ осмон остидаги музей-шаҳарга сайёҳларнинг келиши кўпайиб бормоқда.
Хоразм гиламчилик санъати ҳам кўп асрлик тарихга эга бўлиб, археологик топилмалар милоддан аввалги биринчи минг йилликка оид гилам намунасини тасдиқлайди. Буюк ипак йўлида жойлашган Хоразмнинг Хива гиламлари қадим-қадимдан Эроннинг “Саҳабийлар гилами”, Туркман гиламлари ёки Хитойнинг ипак гиламлари қаторида дунёнинг энг қиммат гиламлари сафига кирган.
– Хоразмда тўқилган гиламларга ҳозир ҳам нафақат Ўзбекистонда, балки Туркия, Қатар, БАА ва Россия каби давлатларда ҳам талаб юқори, – дейди “Ичанқалъа” давлат-музей қўриқхонаси илмий ходими Умарбек Шомуродов. – Хива гиламлари ҳудуднинг қадим тарихи ва қадриятларидан сўзлайди. Айниқса, ипакдан тўқилган маҳсулотларга халқаро бозорда қизиқиш катта. Чунки, унинг яратилиши учун катта меҳнат, кўп вақт ва алоҳида қунт талаб қилинади. Бундай гиламлар тарихда ҳам Буюк ипак йўли орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига кириб борган.
Хоразм вилоятида 500 дан ортиқ ҳунарманд гиламдўзлик йўналишида фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти хиваликлардир. Ҳунармандларнинг маҳсулотларига нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда талаб катта.
Нафис ва жозибадор. Хиванинг ипак гиламларга нисбатан ана шундай таъриф берилади. Чунки, унга гиламдўзнинг қалб қўри ва кўз нури жо бўлади. Қўл меҳнатининг бетакрор намунасига халқаро майдонда ҳам талаб катта. Айниқса, ипакдан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари маҳаллий ва халқаро бозорда алоҳида қадрланади. Бугунги кунда гиламдўзлик авлоддан-авлодга ўтиб, янги анъаналар билан сайқалланмоқда.
Уста-ҳунарманд Мадраҳим Маткаримовга ҳам гиламдўзлик ота-боболаридан мерос. Ипакни танлаш, ювиш ва тўқишга тайёрлашдан тортиб дизайн яратишгача бўлган жараёнларни ҳунарманднинг ўзи бажаради. Чунки иш сифатини устанинг маҳорати белгилайди. Баъзи гиламларни тайёрлаш учун ойлаб, ҳатто йиллаб вақт кетиши мумкин. Бу ижод намунасининг катталиги, нақшлари гиламдўзнинг моҳирлигига боғлиқ.
– Қадимий ва табиий усулда тайёрланадиган ҳамда жуда кўп фойдаланиладиган асосий рангларимиз тўрт хилда бўлди, – дейди Мадраҳим Маткаримов. – Булар оқ, кўк, қора ва яшил ранглар. Биз ана шу ранглардан фойдаланган ҳолда гилам ипларига бошқа рангларни ҳам бера оламиз. Ипакларни маҳаллий ипакчилардан оламиз. Хоразм ипаклари ҳам бошқа ҳудудлардагидан фарқ қилади. Улар қаттиқроқ бўлса ҳам чидамлилиги юқори бўлади. Рангларни яхши сингдиради ва сақлайди. Шуни бемалол айтаоламнки, биз тўқиётган гиламлар ўз эгасига 300 йилдан ортиқ хизмат қилади. Ўз рангини ҳеч қачон ўзгартирмайди. Бу тарихан исботланган факт.
Ҳунарманд ўз ишланмаларида кошин ва ёғоч ўймакорлигидаги нақшларни гиламларга тушириш орқали ўзига хос санъат асарлари яратмоқда. У кўп асрлик тажрибани янги қадриятлар билан бойитишга ҳаракат қилмоқда.
– Хива гиламларида бир-бирини такрорловчи ритмик нақшлардан кўпроқ фойдаланилади, – дейди Мадраҳим Маткаримов. –Шу сабабдан геометрик, ўсимликсимон, ҳайвонотсимон орнаментлар тез- тез учрайди. Мазкур нақшларни ҳар қандай ҳажмда катталаштириш ва кичиклаштириш мумкин. Асосан 14-15 асрда йўқолиб кетган дизайнлар бу минатюралардир. Биз уларни бугун тарли манбалар ёрдамида топиб қайта тикламоқдамиз.
Мадраҳим Маткаримовнинг устахонаси ҳар куни маҳаллий ва хорижий меҳмонлар билан тўла. Чунки, бу ерда турли ҳунармандчилик намуналарининг яратилиш жараёнларига гувоҳ бўлиш сайёҳларга унутилмас таасуротларни бахш этади. Хива гиламларининг ишқибози ва харидорлари ҳам хорижликлар. Гиламларнинг баҳоси икки мингдан йигирма минг АҚШ долларигача бўлиши мумкин.
[gallery-26012]
– Ипакнинг нафислиги жо бўлган бетакрор қўл ишланмалари, яъни гиламларни тарихдан белги, Мовароуннаҳрнинг тимсоли деб биламан, – дейди хитойлик сайёҳ Weiying Xie.– Гиламларда мана шу замин тамаддунининг барча босқичлари сақланиб келмоқда. Гиламдаги нақш ва безаклар орқали халқнинг маданияти ифодаланади. Бошқа маданият вакиллари ундан яхшигина маълумот олишлари мумкин. Мисол учун, ғарбликлар шарқ одамларининг руҳияти ва тафаккурини билишни истаса, гиламларнинг ранги ва нақшларига эътибор берсин. Уларда чуқур маъно яширинган.
Хоразм гиламчилик санъати нафақат халқимиз тафаккури ва диди, балки унинг сабри, меҳнати ва бадиий дунёқарашининг кўзгусидир. Ушбу воҳада гилам тўқиш санъати милоддан аввалги даврлардаёқ шаклланган. Аждодларимиздан бизга қадар асраб-авайланган. Бугун эса бу анъаналар янги нафас, замонавий дизайн ва инновациялар билан бойитилмоқда. Бугун ҳам бу ҳунарнинг жозибаси ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.
Шу боисдан ҳам Хива гиламлари ўз жилоси билан жаҳон халқларини мафтун қилишда давом этади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари