Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хива форумида Ўзбекистон томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилди
16:28 / 2024-09-13

Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди. Унда Сенат Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон парламентининг таклифларини маълум қилди:

– Мамлакатларимиз қонунчиликларини уйғунлаштириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириши керак, – деди Т.Норбоева. – Давлатларимиз ўртасида кўплаб соҳаларда ўзаро келишувларга эришилаётган бир вақтда қонунларимиз бир-бирига зид бўлмаслиги лозим. Бунда, парламентлараро гуруҳлар ва комиссияларинг ўзаро ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш устидан парламент назоратини олиб боришда узвий ҳамкорлик керак. Бунда, масъул қўмиталар, парламент аппаратлари ўртасидаги ўзаро алоқалардан фойдаланишимиз зарур. Зеро, бу йўналишда ишлар бошланган, ўзаро ташрифлар, иш бўйича тажриба алмашинувлари йўлга қўйилган.

Парламентлар даражасидаги ҳамкорлик ҳудудлардаги вакиллик органлари даражасига ҳам тушиши керак. Шу нуқтайи назардан, маҳаллий вакиллик органлари ўртасида турли лойиҳа ва дастурларнинг жойлардаги ижроси устидан назорат олиб боришда ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш лозим. Бунда, парламентлар комиссияларининг йиғилишларини ҳудудларда ўтказиш, уларда ҳудудлар ўртасида ўзига хосликдан келиб чиқиб, лойиҳаларнинг ижросига кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Парламентлараро ҳамкорликда аёллар фаоллигини ошириш зарур. Маълумки, 2020 йилда Ўзбекистоннинг ташаббуси билан минтақамизда оила, хотин-қизлар масалаларини биргаликда кўриб чиқиш, тажриба алмашиш, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда келишилган позициялар билан иштирок этиш мақсадида Марказий Осиё етакчи хотин-қизларининг доимий фаолият кўрсатадиган платформаси – Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти ташкил этилган.

Давлатларимиз раҳбарларининг қўллаб-қувватлови ва ўзаро саъй-ҳаракатлар натижасида мазкур платформа гендер тенглиги масалаларини очиқ ва конструктив муҳокама қилиш учун муҳим механизмга айланди.

Минтақамизда аёллар фаоллигини ошириш, уларнинг минтақа ривожланишида иштирокини кенгайтириш жараёнлари ушбу формат билан ҳамкорликда ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ.

Ёшлар йўналишида ҳам мазкур форум доирасида доимий платформа ташкил қилиш ва у орқали ёшлар парламентлари ўртасида мунтазам ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш лозим.

Халқаро ва минтақавий парламентлараро ташкилотлар доирасида парламентларимизнинг турли масалаларни биргаликда кўриб чиқиш, келишилган позицияларни шакллантириш, умумий қарор ва тавсияларни ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш зарур.

Парламентларимиз мамлакатларимизда маданий-гуманитар тусдаги ҳамкорликдаги тадбирларнинг кенгайишига эътибор қилиши лозим. Зеро, бундай турдаги тадбирлар халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлатларимиз раҳбарлари томонидан мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича катта марралар қўйилди. Бизнинг асосий мақсадимиз – мазкур жараёнда парламентларимиз ва маҳаллий вакиллик органларимиз фаоллигини янада ошириш, аёллар ва ёшлар иштирокини кенгайтиришдир.

Ўзбекистон томонидан билдирилган бу каби таклифлар барча парламентлар вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди.

Норгул Абдураимова, Бекзодбек Саидов (сурат), ЎзА