Хитойнинг Тожикистон иқтисодиётига жалб қилган инвестицияси 2020 йил якунларига кўра, жами 3 миллиард 15 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда, деб хабар қилади «Ховар» агентлиги Тожикистон инвестициялар ва мулкни бошқариш давлат қўмитаси берган маълумотга таяниб.
Хитойнинг 2020 йилда Тожикистонга ажратган инвестицияси 152 миллион долларни ташкил этган, Шуларнинг 120 миллиони тўғридан-тўғри жалб қилинган инвестициялардир.
Ўтган йили Тожикистон республикаси иқтисодиётига йўналтирилган капитал қуйилмаларда Хитой улуши жами хорижий инвестицияларнинг 35,5 фоизини ташкил этди.
Умуман 2020 йилда республикага жами 428,4 миллион долларлик хорижий инвестиция кириб келган, шуларнинг 162,5 миллиони тўғридан-тўғри жалб қилинган инвестициялардир.
Хитой инвестицияси Тожикистонга 2000 йилларнинг иккинчи ярмида кириб кела бошлаган эди.
Тожикистонга Хитойдан илк, нисбатан катта инвестиция 2007 йилда икки мамлакат ўртасида яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида Шартнома имзолангандан кейин кириб келди.
Хитойдан энг кўп инвестиция 2011 йилда икки мамлакат ўртасида ҳудудий масалалар ҳал этилгандан кейин кириб келди.
Тожикистонга инвестиция ажратиш ҳажми бўйича иккинчи ўрин Россияга (1,6 миллиард) тегишли. Ундан кейинги ўринларни АҚШ (703 миллион), Буюк Британия (694 миллион), Қозоғистон (577 миллион) давлатлари эгалламоқда.