Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойнинг ШҲТга раислиги доирасида 100 дан зиёд тадбир ўтказилади (+видео)
12:28 / 2025-02-27

Ўтган йил сентябрь ойида Хитой томони 2024-2025 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислигининг устувор жиҳатлари тўғрисида батафсил маълумот бериб, сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт, маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳамда ташкилот фаолиятининг бошқа муҳим вазифалари бўйича жорий ва келгуси ишлар стратегик йўналишини баён қилган эди.

Режага мувофиқ 100 дан зиёд тадбир ўтказилиши назарда тутилган бу жараён нафақат ШҲТ майдонида шаклланган анъанавий йўналишлари, балки ички ва минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, ўзаро боғлиқлик занжири, инновация, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, “яшил” тараққиётни молиялаштириш, индустриялаштириш, рақамли трансформация каби янги, бугунги кун талабига мос соҳаларни ривожлантириш мақсадини ҳам қамраб олган.

Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ХХРнинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда “ШҲТ амалда: Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси директори, Хитой халқаро тадқиқотлар Академияси Евросиё институти ва Шанхай хорижий тиллар университети Глобал менежмент ва халқаро минтақавий тадқиқотлар академияси раҳбарлари, экспертлар, аъзо давлатларнинг Тошкендаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари, республика олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Дастлаб раислик доирасида режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумот берилиб, Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболи мавзусига тўхталиб ўтилди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик халқаро майдонда дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир, – деди ЎҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров. – Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги турли дастурларда фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунда ушбу лойиҳа глобал миқёсда элларни бирлаштирувчи кучга айланган. Республикамизнинг ташқи сиёсатдаги янги йўналишлари жипсликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Айниқса Хитой билан маданий-гуманитар алоқани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро Чин юрти доимо бизнинг яқин, ишончли дўстимиз, вақт синовидан ўтган ҳамкоримиз бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ШҲТга раислик доирасидаги режалар, амалга ошираётган ишларга тўхталди.

Тузилма майдонида барқарор ривожланиш йили доирасида Хитой қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ва рақамли иқтисодиёт каби 8 та асосий йўналишга жиддий эътибор қаратаётганини қайд этаркан, Элчи якуний ҳужжат – ШҲТ саммити Декларацияси ва ташкилотни ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш бўйича қизғин иш олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестиция ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов сўнгги йилларда ХХР билан парламентлараро муносабат доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда икки давлат қонунчилик органлари вакиллари мулоқоти муҳим аҳамият касб этишига урғу берди.

Давра суҳбатида Президент Шавкат Мирзиёев ва Раис Си Цзиньпин томонидан Ўзбекистон – Хитой шериклигининг 2023-2027 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилингани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли ва ўзаро манфаатли муносабат, биринчи навбатда, иқтисодий алоқалардан куч олаётгани қайд этилди.

Ўтган йиллар давомида “Шанхай руҳи”, яъни ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенг ҳуқуқ, маслаҳатлашув, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат ва ҳамкорликда тараққиётга интилиш тамойили ривожланиб, минтақа барқарорлиги ва фаровонлигига муҳим ҳисса қўшгани айтиб ўтилди.

Тадбир якунида икки мамлакат ўртасида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро муносабатларда халқ дипломатияси механизмидан кенг фойдаланиш масалалари бўйича экспертлар тавсиялари ишлаб чиқилди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/i_Cn8h9rIE8?si=_49AT15I7EaaDd5s" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Беҳруз Худойбердиев,

Улуғбек Тўхтаев (видео),

ЎзА