Бугун ХХРнинг Хунан вилоятидаги Шанчжоу пиротехника заводида портлаш содир бўлди. Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:23 да юз берган. Бу ҳақда “China Daily” нашри хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, мазкур воқеада 2 киши бедарак йўқолган, 9 киши жароҳатланган. Вазиятни бошқариш учун мамлакат фавқулодда вазиятлар гуруҳлари, жумладан, ўт ўчирувчилар, полиция ва соғлиқни сақлаш ходимлари сафарбар қилинган.
Маҳаллий ҳукумат жароҳатланганларнинг ҳаётига хавф соладиган аломатлар йўқлигини айтмоқда.

“CGTN” телеканалининг маълум қилишича, ҳозирда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда ва тез орада маъмурий тергов ўтказилиши белгиланган.
Хунандаги мазкур воқеа портловчи моддаларни ишлаб чиқариш ва сақлаш билан боғлиқ саноат объектларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.
Эндиликда ХХР ҳукумати бундай ҳодисаларга алоҳида эътибор қаратиб, келажакда хавф-хатарни камайтириш мақсадида шу каби корхоналар устидан назорат ва текширувларни кучайтирмоқчи.
А.Хидиров, ЎзА