Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияси миқдори сўнгги йилларда 5 баробар ортган. Бу ҳақда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Хитойнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ўртасида бўлиб ўтган учрашувда айтилди.
Мулоқот чоғида томонлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил май ойида Хитойга ташрифи чоғида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ қилиш, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини муҳокама қилди.
Ўзаро савдони ривожлантириш истиқболи кўриб чиқилди. Маҳсулот ва хизмат алмашинуви 2022 йил 8,92 миллиард долларни, 2023 йил биринчи ярмида 5,6 миллиард долларни ташкил этгани маълум қилинди. Бошқа чоралар билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ушбу кўрсаткич янада ўсишини таъминлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Хитойнинг республикамиз иқтисодиётига киритган инвестицияси ўсиш суръати жадаллашиб, сўнгги йилларда 5 баробар ортгани, 2022 йил 2,2 миллиард долларга етгани, мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар ошгани қайд этилди.
Инвестиция соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Энергетика, кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳалар жорий этиш ҳолати кўриб чиқилди.
ХХР ҳукумати Ўзбекистонда амалга ошираётган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни маромига етказиш учун молиявий ва техник ёрдамни кенгайтириш имконияти, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар таҳлил қилинди.
Учрашув якуни бўйича эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашни жадаллаштириш, янги истиқболли ташаббуслар ишлаб чиқиш борасида келгуси ҳамкорликка оид ташкилий масалалар ишлаб чиқилди.
ЎзА