Дунё бўйлаб 4 миллион нусхада, 14 тилда нашр этиладиган “Жэньминь жибао” газетасида “Тошкентда Хитойнинг “Қашқар гули” фильмининг премьераси бўлиб ўтди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Фильм сюжетида шэньчжэнлик йигит ва қашқарлик қизнинг соф муҳаббати ҳикояси, Синьцзян-Уйғур автоном районининг архитектураси, тарихий обидалари, ландшафтлари, ошхонаси, минтақа маданияти ва халқининг ҳаёти ёрқин акс эттирилиб, замонавий Хитойдаги халқлар дўстлиги кўрсатилган. Мазкур фильм ўзбек тилига дубляж қилиниб, мухлисларга тақдим этилган.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Цзюнь “Қашқар гули” томошабинларга Хитойнинг жадал иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ютуқлари, ранг-баранг маданияти билан танишиш имконини беришини таъкидлаган.
Муаллиф фильмнинг намойиши Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Хитой кино каналлари дастурлари маркази томонидан Синьцзян-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати матбуот хизмати фаол кўмагида ташкил этилганини эътироф этган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА