Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойнинг нуфузли нашри ЎзА мухбири мақоласини чоп этди
17:53 / 2024-01-11

Хитой Халқ Республикаси халқаро майдонда ўз ўрнига эга, ривожланган давлат сифатида иқтисодий юксалиш ва ялпи ижтимоий маҳсулот ҳажми бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Хитой билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон манфаатига тўлиқ мос келади.

Давлатларимиз ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилган бўлиб, бугун улар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатиб келмоқда.

Яқинда Хитойнинг етакчи ахборот платформаларидан бири  “Weixin” сайтида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Гўзал Сатторованинг “Ўзбекистон ва Хитойни яқин дўст, ҳамкор сифатида бирлаштирган қадриятлар кўп” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Муаллифнинг қайд этишича, “Давлатларимиз ўртасидаги самимий алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Тарихий манбаларда келтирилишича, милоддан аввалги 138 йилда Хитой императори У-Ди Чжан Цянни Ўрта Осиё ерларига жўнатади. Элчи Чжан Цян хуннларга қарши курашиш учун иттифоқчи излаб келган эди. Кейинчалик Чжан Цян юрган йўлларда Хитойни Ўрта ва Ғарбий Осиё билан боғлайдиган карвон излари пайдо бўлади. Бу йўл “Буюк ипак йўли” деб аталиб, узунлиги 12 000 км эди. Ўз даврида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бу йўлнинг дастлабки тармоғи Хитойдаги Сиань шаҳридан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопотамия орқали Ўрта Ер денгизигача чўзилган”.

Шунингдек, мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари анча ривож топмоқда. Хусусан, сиёсий мулоқот чуқурлашди. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги ва асосий сармоя манбаи ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 9 миллиард 400 миллион AҚШ долларини ташкил этди. 2017 йилдан буён Хитойнинг Ўзбекистонга киритган жами сармояси 4 баробарга ошиб, 11 миллиард AҚШ долларига етди.

Сўнгги 5 йил ичида Хитой компаниялари сони ортиб, 1900 тадан ошди. Инфратузилма, кимё саноати, энергетика, сув хўжалиги, транспорт, коммуникация каби турли соҳаларда кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди.

Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, “Weixin” – Хитойнинг лаҳзали хабар алмашиш ижтимоий медиа ва мобил тармоғи ҳисобланади. У 2018 йилда ойига бир миллиарддан ортиқ фаол фойдаланувчига эга бўлган дунёдаги энг йирик мустақил мобил иловага айланди.

ЎзА