Тошкент шаҳар ҳокимлигида Хитойнинг CAMCE Engineering Co., Ltd, "Тошкент инвест компанияси" АЖ ва "Янги авлод" махсус иқтисодий зонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги Буюк ипак йўлидан бошлаб давом этиб келаётган тарихий алоқаларнинг аҳамияти хусусида сўз борди.
Жумладан, Тошкент ва Хитойнинг турли ҳудудлари ўртасидаги товар айирбошлашнинг барқарор ўсиб бораётгани, мамлакатимизда Хитой сармояси иштирокидаги 800 дан ортиқ корхона қулай бизнес шароитида фаолият юритаётгани хусусида суҳбатлашилди.

Шундан сўнг учрашувда компаниялар ўртасида ҳадли битим имзоланди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур ҳужжат "Янги авлод" МИЗ ҳудудини биргаликда бошқариш, стратегик инвесторлар ва янги технологияларни жалб этиш ва зонанинг ички инфратузилмасини ривожлантиришга инвестиция киритиш каби ҳамкорликни ўз ичига олади.

Бу қадам пойтахтнинг саноат ривожланиши ва иқтисодиётнинг устувор соҳаларига халқаро инвестицияларни жалб этиш учун янги имкониятлар яратади.
Келишув CAMCE бошқарув кенгаши раиси жаноб Ван Бо иштирокида имзоланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА