Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойнинг Фарғона вилоятига инвестицияси миқдори миллиард долларга етиб қолди (+видео)
15:47 / 2025-11-25

Бугун Фарғонада яна бир йирик инвестицион лойиҳага оқ фотиҳа берилиб, қурилиш ишлари бошланди.

Жами 350 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа уч қисмдан иборат бўлиб, у ягона мажмуани ташкил этади. Дастлаб Фарғона шаҳрида Хитой “Foshan” ишлаб чиқариш саноат зонасида 70 миллион доллар ўзлаштирилади. Бу ерда 10 тадан 20 тагача халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилади.

Евроосиё халқаро савдо маркази қурилишига эса 55 миллион доллар инвестиция киритилмоқда.

Мажмуани меҳмонхона халқаро бозорида юқори нуфузга эга “Hilton Doubletree” компанияси бренди билан 5 юлдузли сайёҳлик маркази якунлайди.

– Ҳозир Фарғона вилоятида Хитой маблағи иштирокида корхоналар сони 273 тани ташкил этмоқда. Яна 100 га яқин лойиҳа устида келишувлар жараёни боряпти, – деди тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. – Бугун қурилиши бошланаётган мажмуага ҳамкорларимиз жами 350 миллион доллар инвестиция киритишмоқда. Натижада 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Бу, аввало, Хитойнинг Ўзбекистонга, унинг ташқи ва ички сиёсатига ишончи натижасидир.

Тадбирда “Hunan Zhongwei Group Co., Ltd” раҳбари Чен Мингбо сўзга чиқиб, биз Ўзбекистонда яратилган қулай инвестицион муҳитдан фойдаланиб, Фарғонада 48 гектар майдонга замонавий ҳайвонот боғи ва Шоҳимардон қишлоғида сайёҳлик учун бир неча километрли осма йўл қуриш лойиҳаси устида ҳам ишлаяпмиз, деди.

Дарҳақиқат, янги лойиҳалар нафақат Фарғона, балки Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида катта аҳамиятга эга янги саҳифа очмоқда.

– Бугун жуда хурсандман, чунки учта йирик лойиҳамиз – “Foshan” ишлаб чиқариш саноат парки, ЕвроОсиё халқаро савдо маркази ва “Hilton Doubletree” меҳмонхонаси бир вақтнинг ўзида ишга тушди, – дейди “Hunan Zhongwei Group Co., Ltd” халқаро бўлим бошқарувчиси Зҳанг Хиаоли.  

Қисқача айтганда, бу учта лойиҳа "олтин комбинация"га ўхшайди:

Саноат парки ишлаб чиқаришни амалга оширади ва "Foshan” ишлаб чиқаришининг юқори сифатли маҳсулотларини бу ерга олиб келади.

Савдо маркази эса маҳсулотларни кўрсатиш ва сотиш учун жавоб беради, уларни Европа ва Осиё бўйлаб осонлик билан сотиш имконини яратади.

“Hilton Doubletree” меҳмонхонаси юқори сифатли бизнес ва дам олиш хизматларини тақдим этади, шу билан бирга, бу ерга ишга келган ёки саёҳат қилган дўстларимиз учун қулай уй бўлиб хизмат қилади.

Бу учта лойиҳа биргаликда Фарғона вилоятида тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратади.

Биргина саноат паркида оғир саноат ускуналарини таъмирлаш заводи, ёритгичлар ишлаб чиқариш, пўлат конструкциялари заводи, мебель комбинати, қадоқлаш фабрикаси қурилади.

Шундан сўнг учта йирик лойиҳанинг қўшма пойдеворини қўйиш тантанали маросими бўлди. Унда Фарғона вилояти ва Хитой расмийлари келажак авлодга ёзилган мактуб капсулаларини биринчи бетон қуйилма остига ташладилар.

Якунланиб бораётган 2025 йилда биргина хитойлик тадбиркорлар Фарғона вилоятига киритаётган инвестиция миқдори миллиард долларга етиб қолди.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2MRqMX2yEHc" title="Xitoyning Farg‘ona viloyatiga investitsiyasi miqdori milliard dollarga yetib qoldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА