Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Хитойга хизмат сафари доирасида Сидиан университети раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги мавжуд ҳамкорлик алоқаларини рақамлаштириш, таълим ва янги инновациялар орқали янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Сидиан университети 1931 йил ташкил топган бўлиб, Хитойдаги етакчи университетлардан ҳисобланади. Университет электроника, телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳаларида кучли илмий базаси билан машҳур.
Университет томонидан 2025 йилдан бошлаб Рақамли таълимни ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда ўзбек ёшлари учун рақамлаштириш соҳасига қаратилган таълим дастурини йўлга қўйиш маълум қилинди.

Қолаверса, университетнинг Ўзбекистонда ўз филиалини ташкил қилиш масаласидаги имкониятлар ўрганилаётгани ҳақида маълумот берилди. Қувонарлиси, университет томонидан Ўзбекистонда IT таълим маркази ташкил этилиши бўйича келишувга эришилди.
Учрашув якунида Сидиан университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА