Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда саноат соҳасида қўшма ташаббусларни ривожлантириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Бир гуруҳ хитойлик инвестор ва тадбиркорларнинг таклифи ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан уларнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи амалга оширилди. Хитойлик тадбиркорлар Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш ва саноат зоналари билан танишиш жараёнида мамлакатимизда тадбиркор ва инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёз ва кафолатлар билан яқиндан танишди.
Ташрифнинг дастлабки кунида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигида Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги инвестиция сиёсати, иқтисодий ислоҳотлар жараёни ва хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида тадбиркорлик имкониятлари ҳамда бизнес фаолиятини йўлга қўйиш учун яратилган шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Ушбу учрашувда хитойлик ишбилармон доира вакиллари қатор соҳаларда – саноат, транспорт, қурилиш, энергетика ва логистика йўналишларида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирдилар.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда янги ишлаб чиқариш йўналишларини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасидаги лойиҳалар билан танишдилар.
Ташрифнинг кейинги кунида делегация аъзолари Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлиб, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар, бу борадаги тажриба ва истиқболли йўналишлар ҳақида маълумот олдилар. Ушбу учрашув доирасида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инфратузилма ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида эса тадбиркорлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, солиқ ва маъмурий енгилликлар, янги саноат ҳудудларини ташкил этиш борасидаги ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Хитойлик тадбиркорлар “Пенгшенг” саноат зонасида бўлиб, у ердаги ишлаб чиқариш инфратузилмаси, логистик имкониятлар ва янги сармоявий лойиҳалар билан танишдилар. Меҳмонлар саноат зонасидаги фаолият самарадорлиги ва Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳитини юқори баҳоладилар, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Қайд этиш жоиз, хорижлик инвестор ва тадбиркорларнинг мамлакатимизга бундай ташрифлари нафақат иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, балки мамлакатлар тадбиркорлари ўртасида узоқ муддатли ишончли шерикликни йўлга қўйишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Хитойлик тадбиркорлар Бухоро вилоятида ҳам бўлиб, у ерда инвестициявий муҳит ва тадбиркорларга яратилаётган шароитлар билан ҳам танишди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА