Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойлик тадбиркорлар билан учрашув
14:57 / 2024-12-27

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев вилоятдаги Хитой капитали иштирокидаги корхоналар вакиллари, тадбиркорлар билан учрашди.

Тадбир аввалида А.Бобоев кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари, минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб, бунда икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродалари, олий даражадаги учрашувлари муҳим рол ўйнаётганини таъкидлади. Натижада давлатлар ўртасидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, турли соҳалардаги муносабатлар янги босқичга чиқди.

Биргина Самарқанд вилоятида бугунги кунда Хитой компаниялари капитали иштирокида 76 та хорижий корхона ҳамда 20 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. 2023 йилда вилоятнинг Хитой ҳудудлари билан товар айланмаси 370,8 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг 11 ойида бу кўрсаткич 456,7 миллион долларга етди. Бугунги кунда қиймати 2 миллиард 808 миллион долларлик 63 та лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Шэньси провинцияси тадбиркорлари билан умумий қиймати 551,5 миллион долларлик 62 та истиқболли инвестиция келишувлари доирасида музокаралар жараёни кетмоқда.

Вилоят раҳбари ҳокимлик ва барча бошқарма ва идоралар раҳбарлари бундан кейин ҳам Самарқандда ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган инвесторларга, тадбиркорларга қонун доирасида кўмак беришга тайёрлигини билдириб, инвесторларни ҳудудлар ўртасида кўприк бўлиб, ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришда яқиндан кўмак беришга чақирди.

Хитойлик тадбиркорлар бу каби учрашувлар бизнес ривожи учун муҳим эканлигини таъкидлаб, яна қатор янги лойиҳаларни Самарқандда амалга оширишга тайёр эканини билдиришди. Шунингдек, иш жараёнида юзага келаётган муаммолар, биргаликда ҳал этиладиган масалалар юзасидан вилоят раҳбарига мурожаат қилдилар.

– Биз Самарқандга 250 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиб, биофармацевтика бўйича дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширяпмиз, – дейди хитойлик инвестон Зонг Жингле. – Ҳозир 20 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги учрашувда иш юзасидан ўзаро фикр алмашиб, айрим таклифларимизни билдирдик. Бундай тадбирлар лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва самарали фаолият олиб бориш учун жуда муҳим, деб ҳисоблайман.

Вилоят ҳокими тадбиркорлар билдирган муаммоларга тегишли масъуллар билан биргаликда ечим излаб, уларга амалий ёрдам бериш чораларини кўришди. Бир қатор масалалар шу ернинг ўзида ижобий ечим топди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири