Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Хитой Халқ Республикасидан келган бир гуруҳ тадбиркорларни қабул қилди.
Учрашув аввалида ҳар икки томон Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги ўзаро савдо алоқалари, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик борасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар бўйича фикр алмашди.

Суҳбат давомида Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳудудида хорижий сармоядорлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, кўплаб хориж мамлакатлари билан турли йўналишлардаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, айниқса, қишлоқ хўжалиги, туризм, фан, тиббиёт ва логистика соҳаларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани хусусида атрофлича тўхталди.

Ўз навбатида хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистондаги барқарор иқтисодий муҳит ва инвесторларга берилаётган бу каби қулай шароит ҳамда имтиёзларни юқори баҳолади. Хусусан, Тошкент вилоятида Хитой-Ўзбекистон халқаро савдо ва логистика саноат парки лойиҳасини ташкил этиш таклифини билдирди. Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-сотиқни осонлаштириш учун кенг қамровли, хавфсиз ва самарали трансчегаравий логистика хизмати тизими яратиш имкони бор.

Учрашув якунида томонлар тақдим этилган таклиф ва лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилди. Шу билан бирга, айрим масалалар бўйича фикр алмашдилар. Хусусан, Хитой-Ўзбекистон халқаро савдо ва логистика саноат паркини ташкил этиш учун ер майдони ажратиш масаласи қўшимча ўрганиш ва мувофиқлаштиришни талаб этиши таъкидланди.
Шу боис, ҳар икки томон мазкур ташаббусни амалга оширишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш, зарур шарт-шароитлар яратилгандан сўнг кейинги музокараларни давом эттиришга келишиб олди.
А.Мусаев, ЎзА