Пойтахтда Хитой – Марказий Осиё саммити якуни доирасида Ўзбекистон ва Хитой расмийларининг очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Хитой коммунистик партиясининг Шэньси провинцияси котиби Чжао Йиде раҳбарлигидаги делегация аъзолари ҳамда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, икки томонлама сайёҳлар оқимини ошириш ва Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Хитой Халқ Республикаси ҳудудида кенг тарғиб этиш масалаларини муҳокама этилди ҳамда хорижлик мутасаддиларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Хитой Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги стратегик ҳамкорларидан бири эканлиги, хитойлик сайёҳлар ва ишбилармон доира вакилларининг Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкинлиги, икки давлатда ташкил этилаётган йирик сайёҳлик кўргазмалари, форум ва ярмаркаларда томонлар фаол иштирок этиб келаётганлиги, шунингдек, ҳар йили икки мамлакат туризм саноати вакиллари учун йирик бизнес учрашувлари ўтказилаётганлиги – ҳамкорликнинг икки томон учун манфаатли имкониятларни тақдим этаётгани эътироф этилди.
[gallery-13456]
Мулоқот якунида хитойлик меҳмонлар жорий йил 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессиясида иштирок этишга таклиф этилди. Бош Ассамблея доирасида туризм соҳасидаги инвестициявий ва таълим форумлари ўтказилиши, бу борада инвестиция форумида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг энг истиқболли сармоявий ва инфратузилма лойиҳалари тақдим этилиши, Таълим форумида эса туризм соҳасининг келажак авлодини тарбиялашнинг илғор тажрибаси ва долзарб масалалари кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Шунингдек, тадбирда Хитой томони Шэньси провинцияси маданияти ва туризми билан иштирокчиларни яқиндан таништирди. Шу билан бирга Ўзбекистон маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишда янги имкониятларни кўриб чиқиш мақсадида Шэньси провинциясида Самарқанд тимсолида Регистон моделини ишга тушириш бўйича лойиҳаларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Самарқанд шаҳрида жойлашган “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида Хитойнинг Шэньси провинцияси билан ҳамкорликда “Инсон ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича “Бир макон, бир йўл” Хитой – Марказий Осиё қўшма лабораторияси” фаолияти йўлга қўйилган эди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА