Туризм қўмитаси хабарига кўра, Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар кўлами сезиларли кенгайган. Жумладан, 2025 йил “Хитойда Ўзбекистон туризм йили” деб эълон қилинди.
Йил давомида Хитойнинг йирик шаҳарлари ва провинцияларида туризм роудшоулари ўтказилди. Сиань, Гуанчжоу, Гонконг шаҳарларидаги салмоқли туризм кўргазмаларида мамлакат миллий стенди билан иштирок этилди. Шунингдек, икки мамлакат туризм тадбиркорлари ўртасида бевосита алоқалар кенгайиши учун зарур имкониятлар яратилди.
Масалан, шу кунгача ўтказилган тадбирларда 500 дан ортиқ Хитой туркомпаниялари билан B2B музокаралар ташкил этилиб, 40 дан ортиқ ҳамкорлик битимлари имзоланди. 2025 йил 1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида визасиз режим жорий этилгани соҳа вакиллари учун жуда катта имконият очиб бермоқда. Натижада, 2025 йил январь-октябрь ойлари давомида юртимизга Хитойдан 217 минг нафар турист ташриф буюрди. Йил якунига қадар эса мазкур кўрсатгич 250 минга етиши кутилмоқда.
Эътиборлиси, Туризм йили давомида эришилган натижалар жорий йилдаги мақсадли кўрсаткич – 180 минг нафардан 40 фоизга кўп ва ўтган йилга нисбатан 3,7 баравар ўсиш таъминланди. Бу эса давлатимиз раҳбари томонидан соҳа олдига қўйган йирик мақсад – Хитойдан 1 миллион сайёҳ жалб қилишдаги қадамлар жадаллашганидан далолатдир.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА