Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида Хитойнинг “Jiangsu World Machinery Co. Ltd” компанияси таъсисчилигида ташкил этилган “GF World Termez” масъулияти чекланган жамияти беш минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасини бошлади.
Янги лойиҳага старт бериш тадбирида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, унинг самаралари ҳақида атрофлича фикр юритди. Маҳаллий мутасаддиларга хорижлик сармоядорлар ҳамкорлигида барча ишларни белгиланган муддатларда амалга ошириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.


Тўлиқ хориж сармояси эвазига барпо этилаётган лойиҳани ишга тушириш учун 80 миллион доллар маблағ сарфланиб, фойдаланишдан чиқиб кетган, унумдорлиги паст ерлар қайта ўзлаштирилади. Сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, хорижнинг юқори ҳосилдор пахта навлари экилади.

Келгуси йил фойдаланишга топшириш режалаштирилаётган лойиҳа доирасида 800 та янги иш ўрни яратилиб, йилига бюджетга 10 миллиард сўм маблағ тушади. 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

Хитойлик инвесторлар туманда, шунингдек, сув тежовчи технологиялар учун зарур асбоб-ускуна, қувур ва фитинглар ишлаб чиқарадиган корхона қуришни ҳам мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА