Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойлик профессор Гулистон давлат университетида ўқув машғулотларини олиб бормоқда
11:25 / 2025-04-12

Гулистон давлат университетида Хитой Халқ Республикасининг Янглинг касб-ҳунар ва техника коллежи ўқитувчиси Занг Вен илғор тажрибалар асосида ўқув машғулотларини йўлга қўйди.

Мазкур дарс машғулотлари тупроқшунослик, агрокимё ва ўсимликшунослик фанларига бағишланган бўлиб, профессор Занг Вен нафақат аудиторияларда назарий дарслар, балки лаборатория шароитида амалий машғулотларни ҳам ташкил этмоқда. Ушбу жараён талабалар учун бевосита тажриба орттириш, илмий изланишлар олиб бориш ва замонавий ёндашувлар билан танишиш имкониятини бермоқда.

Машғулотлар давомида асосий эътибор Хитой аграр соҳаси тажрибасидан келиб чиқиб, тупроқ ва иқлим шароитига мос ўсимлик навларини яратиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва агротехник тадбирларга инноватцион усулларни жорий этишга қаратилган. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Гулистон давлат университети ва Хитойнинг Янглинг касб-ҳунар ва техника коллежи ўртасидаги бу ҳамкорлик талабаларнинг илмий ва амалий салоҳиятини оширишга, халқаро тажрибаларни ўзлаштиришга ва замонавий қишлоқ хўжалиги инновацияларини жорий этишга кенг имконият яратади. Келгусида ҳам ушбу ҳамкорлик доирасида янги лойиҳалар, қўшма тадқиқотлар ва амалиёт дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бу каби халқаро таълим дастурлари университетнинг илмий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши билан бирга талабалар учун ҳам катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.

– Хитой тажрибасидан ўрганиш ва уни амалиётга татбиқ этиш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда муҳим омиллардан биридир. Айниқса, тупроқ унумдорлигини ошириш, агротехник тадбирларни илғор усулларда ташкил этиш ва ҳосилдорликни ошириш борасидаги илмий ёндашувлар бугунги кунда долзарб масалалардан ҳисобланади. Занг Вен томонидан олиб борилаётган машғулотлар бизнинг талабаларимиз учун ноёб тажриба бўлиб, уларнинг келажакдаги илмий фаолиятига мустаҳкам пойдевор яратади,–дейди Гулистон давлат университети агрокимё ва тупроқшунослик кафедраси мудири Алишер Мусурмонқулов.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири