French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойлик олимлар иштирокида йирик илмий анжуман бошланди (+видео)
07:51 / 2025-05-22

Тошкентда 21 май куни замонавий илм-фан ва технологик тараққиётнинг энг долзарб йўналишларидан бири бўлмиш энергияни сақлаш ва илғор материаллар соҳасини қамраб олган халқаро (“Advanced Materials and Energy Storage Systems”)  конференция ўз ишини бошлади.

Анжуман Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида бўлиб ўтмоқда ва Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган ПРИМ 01-10 рақамли грант – “Институтни модернизация қилиш: илғор энергия сақлаш тизимлари учун инфратузилмани янгилаш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Тадбирни очиб берган институт директори Х.Б. Ашуров ҳамда Фанлар академияси Физика-математика фанлари бўлими мудири, академик С.А. Бахрамов ўз нутқида анжуманнинг аҳамияти, унинг Ўзбекистон илм-фани ва халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашдаги роли ҳақида таъкидлаб ўтди.

“Ушбу халқаро конференцияда иштирок этиш мен учун катта шараф. Айниқса, ўз тадқиқот йўналишим бўйича сўнгги натижаларимни баҳам кўриш имконияти менга катта мамнуният бағишлайди. 
 
 Менинг асосий илмий қизиқишим юқори энергия зичлигига эга литий-ион батареялари учун электро-материалларнинг кўп даражали (мултишкалали) структурасини лойиҳалаш ва уларнинг электрохимиявий хусусиятларини ўрганишга қаратилган. Тадқиқот объекти — бу легирланган лента кўринишидаги электро-материаллар. Бундай материаллар назарий жиҳатдан жуда юқори сиғимга эга, аммо уларнинг ишлаш муддати жуда қисқа, чунки литийланиш жараёнидан кейин уларнинг ҳажми катта ўзгаришларга учрайди” дейди, хитойлик олим Гонкаи Ванг.  
 
“Бу муаммони бизнинг гуруҳимиз қандай ҳал қилади? Биз турли ўлчамдаги кўп қатламли (мултиструктурал) легирланган лента материалларини ишлаб чиқамиз. Масалан, анодлар учун алюминий қотишмалари, қалай-рухли электро-материаллар ва кремний-алюминий материалларини яратмоқдамиз. Бундай ёндашув орқали биз литий-ион батареялари учун жуда юқори энергия зичлигига эришмоқчимиз. Бу эса Хитойнинг карбонат нейтраллик ва карбон пики мақсадларига эришишида муҳим аҳамият касб этади. Бу менинг илмий тадқиқотимнинг асосий мақсади ҳисобланади. 
Ҳозирда биз Ўзбекистонда профессор Миртемир Курбанов билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Қолаверса, айни пайтда Хитой ва Ўзбекистоннинг технология вазирлиги ўртасида қўшма илмий лойиҳа ҳам мавжуд. Ушбу лойиҳалар орқали  ҳам катта натижаларга эришишимизга ишонаман”.

Тадбирда Корея, Хитой, Япония, Туркия, Покистон каби давлатлардан 20 дан зиёд етакчи олимлар, муҳандислар ва соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Улар сафида Кореянинг Кимёвий технологиялар институти, Хитойнинг Хебей Технология университети, Жилиан университети, Туркиянинг Қораденгиз техник университети, Покистоннинг Лахор университети каби нуфузли илмий марказлардан келган мутахассислар ҳам бор.

“Анжуманни ўтказишдан мақсадимиз — ҳозирги кунда муаммо бўлиб турган энергияни сақлаш, яъни аккумуляторлар сиғимини ошириш, янги материалларни синтез қилиш ва уларни амалиётга жорий қилишдир. Бу борада бизнинг институтимизда ҳам жуда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол учун айтишим мумкин, атом қатламлаб ўстириш қурилмасининг ишга тушганлиги жуда катта ютуқ ҳисобланади ва бугунги кунда институтимизда энергия сарфловчи янги матриалларни синтез қилиш ишлари ҳам жадаллик билан амалга оширилмоқда. Ушбу конференцияда бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келиб иштирок этаётган олимлар айнан шу соҳани ривожлантиришда ҳам жуда катта ёрдам беради” дейди,  ФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти катта илмий ходими —  Зафар ШОЙМАРДОНОВ.  

Конференция доирасида ўтказилаётган илмий маърузаларда литий-ион, калий-ион ва алюминий-ион аккумуляторлари учун янги анод ва катод материаллар, карбон асосидаги структуралар, наноқурилмалардаги изланишлар ҳамда материалларни ҳисоблаш ва моделлаштириш соҳасидаги илғор ёндашувлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, профессор Жи Сун Им (Корея), профессор Гонгкай Ванг (Хитой), профессор Дa Чен (Хитой), доктор Ҳамид Латиф (Покистон), профессор Ўмер Нежати (Туркия) каби таниқли олимлар ўз изланиш натижаларини тақдим этдилар.  

Тадбир муҳим қисмида Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ҳамда Хитойнинг Хебей Технология университети Материалшунослик ва муҳандислик бўйича олий мактаби ҳамда Халқаро қўшма тадқиқот маркази (IJRC) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. 

Ушбу келишув келгусида қўшма тадқиқотлар, илмий алмашинувлар ва технология трансфери учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида иштирокчилар институт лабораториялари билан танишиш, замонавий таҳлил ускуналари, технологик жараёнлар ва маҳаллий мутахассислар томонидан олиб борилаётган ишларни ҳам кўздан кечириш имкониятига эга бўлишди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу халқаро анжуман Ўзбекистонда нафақат материалшунослик ва энергия сақлаш соҳасини ривожлантиришда муҳим воқелик, балки мамлакатнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш сари ташланган муҳим қадам бўлмоқда. 

Анжуман 25 майга қадар давом этади. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4Y7kD9XY1z0?si=wzK-3FBKcbTsZ42n" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев (видео), ЎзА