English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойлик ишбилармонлар билан 25 та лойиҳа амалга оширилмоқда
15:50 / 2023-10-18

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, ҳудудлараро алоқаларнинг янада фаоллашаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарғона вилоятида Хитой Халқ Республикаси капитали иштирокида 138 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Маълумотларга қараганда, 2021 йилда умумий қиймати 293,2 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Ўтган йил якуни билан қиймати 375,1 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, шундан 212,5 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига тўғри келди. Айни кунларда ҳамкорликда амалга оширилаётган 25 та лойиҳа доирасида қиймати 1 миллиард 224 миллион долларлик инвестиция киритиш ишлари олиб борилмоқда.

– Жорий йилнинг олти ойида Хитойга вилоятимиздаги 16 та корхона томонидан маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, Хитой билан ташқи савдо айланмаси 272 миллион долларни, шундан экспорт ҳажми 17,8 миллион долларни, импорт 254,2 миллион долларни ташкил этган, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари котибияти мудири Азимжон Юлдашев. – Вилоят ҳокими бошчилигидаги 70 дан ортиқ расмий ва тадбиркорлардан иборат делегация жорий йил 4-11 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Сичуань, Гуандун, Шандун, Фуцзян провинциялари ва Пекин шаҳрида бўлиб, муҳим келишувларга эришди. Фуцзян провинцияси, Чэнду шаҳри ва Фарғона вилояти ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик, Шандун провинцияси Дзибо шаҳри ва Фарғона шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, Чэнду шаҳри Савдо-cаноат палатаси билан Чэндуда Фарғона инвестиция ва савдо маркази, Фарғонада Чэнду тадбиркорлари марказини ташкил этишга келишилди.

Чэнду–Фарғона–Чэнду йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, ҳар бир ҳудудлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилди ва аниқ муддатлари билан “Йўл харита”лари ишлаб чиқилмоқда. Ташриф давомидаги тадбирлар доирасида жами 32 та, шундан қиймати 1,37 миллиард долларлик 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномаси имзоланди.

Энергетика ва саноат йўналишида хитойлик ҳамкорлар билан фотоэлектрик станциялар қуриш учун 1 миллиард долларлик 4 та лойиҳа бўйича меморандумлар имзоланиб, амалий ишлар бошланмоқда. Хитойнинг йирик “China Huadian Engineering” компанияси томонидан Фарғона туманида қиймати 150 миллион долларлик 150 МВтлик фотоэлектрик станцияни қуриш таклифи берилди. Автомобилсозлик ва транспорт йўналишида 210,5 миллион долларлик электробуслар, электро-скутерлар, улар учун аккумуляторлар, электромобиллар учун қувватлаш аппаратлари, автошиналар ишлаб чиқариш юзасидан 7 та ҳужжат имзоланди.

Вилоятдаги ижтимоий лойиҳаларга, яъни мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш объектлари қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ҳамда “Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш борасида Хитойнинг “SINOMASH” холдинги билан дастлабки келишувларга эришилди.

Музокаралар олиб борилган хитойлик инвесторларнинг лойиҳаларини жойида ўрганиш мақсадида параллел равишда Фарғона вилоятига ташрифларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Асосийси, улар юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолаб, йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришмоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири