Кейинги йилларда республикамизнинг энг чекка вилоятларидан бири - Сурхондарёга ҳам чет эллик инвесторларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётгани диққатга сазовор. Яқинда хитойлик инвесторлар Сариосиё туманига яна ташриф буюрди. Улар иштирокида ўтказилган қизиқарли тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Хитойдан келган тадбиркорлар билан дилдан суҳбатлашди, галдаги режалари хусусида маслаҳатлашиб олди. Энг муҳими, хорижлик сармоядорлар учун қулай инвестицион муҳит яратилгани бир нечта давлатларнинг инвесторларида катта қизиқиш уйғотаётир.
Бутун мамлакатимизга ширин-шакар анори билан машҳур бўлган Дашнобод эндиликда вилоятда энг катта ғишт заводи билан ҳам довруғ таратиши мумкин. Айни пайтда йиллик қуввати 60 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган бу корхонада ишлар жадаллик билан олиб борилаётгани, маҳсулот ҳажми янада ортгани мақтовга лойиқ.
Лойиҳа таъсисчиси эса ташкилотчи ва тадбиркор инсонлардан бири- Тожикистон Республикаси фуқароси Илҳомжон Саидқулов. Илҳомжоннинг фидойилиги туфайли Сариосиёда янги иш ўринлари яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилгани барчани хурсанд қилаётир. Айни пайтда заводда йигирмадан зиёд киши ишлаётгани фикримизнинг далили.

Сариосиё туманида “Huazi Investment Co. Ltd” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 38 миллиард сўм, шундан 20 миллиард сўми хорижий инвестиция ҳиссасига тўғри келадиган пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилгани қувонарли ҳол. Характерли жиҳати шундаки, Сурхондарёнинг кўпчилик туманларини энг муҳим қурилиш материали - пишиқ ғишт билан таъминлаш имконияти вужудга келди. Ҳатто туманнинг ўзида ҳам бу маҳсулотга эҳтиёж катта эканини ҳисобга олсак, янги заводнинг аҳамиятини яққол ҳис этиш мумкин.
Хитойдан келтирилган асбоб-ускуналар корхонада сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Сариосиёлик ишчилар хитойликлардан корхонада ишни намунали ташкил этиш йўлларини пухта ўрганмоқдалар.

Вилоят ҳокими ва чет эллик инвесторлар янги корхона фаолияти билан танишди, ундаги иш жараёнини кўздан кечиришди. Бу ерда ишлаётган ёшлар, тажрибали ҳамда фидокор кишилар билан гурунглашди. Қувонарли жиҳати шундаки, улар сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилаётганини, иш ҳажми тобора ортиб бораётганини кўриб, ниҳоятда мамнун бўлишди. Ишчиларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратилгани ҳам қувонарли.
Сариосиёда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаётган инсонлар оз эмас. Хусусан, Мурод Қултоев, Жўрабек Шоймардонов, Акрам Шукуров, Одил Муродов, Шамсиддин Қосимов, Тожиддин Ўзбеков ва бошқалар жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. Тадбиркорлар ва турли соҳа вакилларининг ташкилотчилиги ва ташаббуси натижасида янги саноат корхоналари ташкил этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини ҳар қачонгидан кўра кўпайтириш борасида дадил қадамлар ташланмоқда.

Инвесторлар билан ўтказилган қизиқарли суҳбат, учрашувлар давомида лойиҳаларни янада кўпайтириш, бошқа янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари хусусида ҳам фикр юритилди. Янги таклифлар ўртага ташланди. Яқиндагина туманга раҳбар этиб тайинланган Одил Ёқубов инвесторлар билан ҳамкорликни ҳар қачонгидан кўра кенгайтириш учун бир қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилгани ҳақида фикр юритди.
Хитойликларнинг янги ва муҳим лойиҳасини кўздан кечирган кишилар туман иқтисодиёти ва маданий ҳаётининг турли соҳаларига инвестиция киритиш, янги ва самарали лойиҳалар устида ишлаш бўйича фикр алмашди. Бу ишни изчил давом эттириш учун зарур чоралар кўрилиши белгилаб олинди.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири