Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бир гуруҳ хитойлик инвесторлар билан учрашди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, тоғ-кон саноат соҳаси, хусусан, конларни ўзлаштириш ва геология ишларини янада кенгайтириш мақсадида Хитойнинг “Yicheng International Commerce (Beijing) Group Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан ўтказилган музокаралар самарали якунланган.
Мазкур компания 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, ярим кокс экспорти бўйича Хитойнинг биринчи етказиб берувчиси ҳисобланади. Ярим кокс яшил энергиянинг тежамкор ва экологик тоза маҳсулотидир. Бугунги кунга қадар компания 15 мамлакат ва минтақалардаги ферроаллой компаниялари ва пўлат фабрикалари учун юқори сифатли ярим коксларни тақдим этиб келмоқда.
“Бир камар, битта йўл” доирасида компания Покистон, Эрон ва Туркиядан сурма, флорит, хром рудаси импорти билан фаол шуғулланади. Олтин, сурма, мис, қўрғошин ва рух конларини ўрганиш мақсадида Қозоғистон, Кения ҳамда Эрон билан ҳамкорлик қилган мазкур компания эндиликда Навоий вилояти билан ҳам ҳамкорлик қилиш истагини билдирди
Шунингдек, вилоят ҳокими хитойлик яна бир йирик инвестор - “Taitong International Transport Co., Ltd.” компанияси Бош директори Чу Суань билан учрашди.
Жаноб Чу Суань 2018 йил март ойидан буён Савдони ривожлантириш ассоциацияси партия гуруҳининг президенти ва бош котиби саналади. Айнан Жаноб Чу Суаннинг ташаббуси билан Навоийда Хитой Саноат Техно парки қурилиши юзасидан келишувларга эришилган.
Хитойлик инвестор билан мазкур Технопарк ҳамда бошқа бир қатор лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб борилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири