Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойлик инвестор Бешариқ туманида 120 миллион долларлик иккинчи лойиҳани амалга оширади
18:00 / 2020-11-23

Фарғона вилоятида бугунги кунда 439 та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар томонидан истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан, тўғридан тўғри инвестицияларнинг чекка ҳудудларга фаол киритилаётганлиги ҳудуд иқтисодиётининг мустаҳкамланиши ва иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлаётир.

Жорий йилнинг январь ойида фойдаланишга топширилган Бешариқ туманидаги цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Farg’ona Yasin qurilish mollari” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси бугун дадил одимлаяпти. Сифатли маҳсулотларга ички бозорда талаб катта. “Shanxi Xiangsheng” компаниясининг мазкур лойиҳаси асосида замонавий технологиялар ишлаб чиқаришга жорий этилиб, лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушган. Бу ерда бир кунда 2,5 минг тонна сифатли цемент ишлаб чиқариш имкони бор. 113 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 нафар ёшлар иш билан таъминланган.

Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров “Farg’ona Yasin qurilish mollari” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси таъсисчиси Гуан Жонгву билан учрашди.

Самимий мулоқотда икки давлат ўртасида ҳамкорлик муносабатлари кенгайиб бораётганига эътибор қаратилди. Хусусан, мазкур қўшма корхона фаолияти ҳам қурилишда цемент маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўзаро мулоқотда икки томон вакиллари ушбу корхона фаолияти, истиқболдаги лойиҳалар ҳақида суҳбатлашди.

2021 йилда ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун 120 миллион АҚШ доллар инвестиция киритилади. Цемент заводининг иккинчи босқичи келгуси йил июль ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада корхонада йилига 2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқарилишига эришилади ҳамда 700 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш жойига эга бўлади.

Шунингдек, учрашувда хориждан ускуналарни вилоятга олиб келиш, уларни жойлаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

М.СУЛАЙМОНОВ,  М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА