Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга ошираётган ишчи ташрифи доирасида энергетика, муҳандислик, инфратузилма ва ишлаб чиқариш соҳаларида йирик ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Чангша, Хунан ва Жангши шаҳарларида Хитойнинг бир қатор етакчи саноат компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Чангша шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар чоғида “Hunan Jianhongda Industrial Group” компанияси билан автоматлаштириш ва муҳандислик хизматларини ривожлантириш, уй-жой, энергетика ҳамда коммуникация инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.

Учрашувда қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш, замонавий коммуникация тизимларини жорий этиш орқали вилоят иқтисодий салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хунан провинциясида “Sichuan Power Transmission & Transformation Construction” компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаси бўйича келишувга эришилди.Лойиҳа доирасида 200 мегаватт қувватга эга гидроэлектростанция қурилиши ҳамда мавжуд подстанцияларни модернизация қилиш режалаштирилган.

Мазкур ҳамкорлик Андижон вилоятида энергия таъминотини яхшилаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Жангши шаҳрида “Jiangxi Haitong Cable Co., Ltd” компанияси билан турли кучланишдаги электр кабелларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга доир ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бу лойиҳа вилоятда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилашга замин яратади.
Хитойлик шериклар билан олиб борилаётган музокаралар Андижон вилояти саноатини диверсификация қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлди.
Ташриф доирасида эришилган келишувлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари