Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойга илмий ташриф янги ҳамкорлик эшикларини очди
11:13 / 2025-11-11

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Нукус филиали делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони маркази — Урумчи шаҳрида ўтказилган халқаро илмий семинар ва “Хитой – Марказий Осиё” 12-форумида фаол иштирок этди.

Тадбирлар Шинжон қишлоқ хўжалиги университети томонидан ташкил этилган бўлиб, у Марказий Осиё ва Хитой ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.

Делегация раҳбари, филиал директори профессор А.Есимбетов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона алоқалар ва таълим-илмий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. У шунингдек, семинар ва форумларда эришилган натижалар келажакда қўшма тадқиқотлар, лаборатория-амалий машғулотлар ва академик алмашинувлар орқали амалга оширилишини билдирди.

Семинар давомида қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ҳайвонлар саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар йўналишидаги илмий мавзулар атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчилар учун лаборатория кўргазмалари, амалий машғулотлар ва тажриба алмашув сессиялари ташкил этилди.

Бундан ташқари, тадбирда “Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришнинг муваффақиятли моделлари ва ёндашувлари” мавзусида илмий маъруза тақдим этилди. Тадқиқотларга асосланган маъруза нафақат ҳудудий аграр ислоҳотларнинг натижаларини очиб берди, балки келажакдаги инновацион лойиҳалар ва қўшма илмий ташаббусларни илгари суриш имконини яратди.

Семинар давомида делегация Шинжон қишлоқ хўжалиги университетининг замонавий ветеринария клиникаси ва илмий-тадқиқот лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишди. “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида халқаро экспертлар, олий таълим муассасалари делегациялари ва илмий доиралар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. 

Уларда қўшма илмий ташаббусларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги инновациялари, ветеринария йўналишида илмий алмашинув, лаборатория-амалиётлар сифатини ошириш ва академик мобиллик дастурларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Шинжон қишлоқ хўжалиги университети президенти Жианг Пинган билан учрашувда икки олийгоҳ ўртасидаги ҳамкорликнинг амалиётдаги жиҳатлари бўйича фикр алмашилди.

Урумчидаги ташриф ва учрашувлар филиал ҳамда Шинжон қишлоқ хўжалиги университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ амалга оширилди. Мазкур меморандум икки олийгоҳ ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотлар, алмашинувлар ва амалиёт дастурларини янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.

Бу ташриф олимлар ва талабалар учун янги илмий ва амалий имкониятлар яратди. Келгусида қўшма тадқиқотлар, илмий лойиҳа ва лаборатория-амалиётларнинг самарадорлигини оширишга пойдевор қўйди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА