Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойдаги Форумда Ўзбекистон тажрибасига қизиқиш билдирдилар
10:19 / 2023-05-29

Қирқ йил аввал бошланган узоқ муддатли ва кенг миқёсли лойиҳани амалга оширган Хитой ҳукумати 2022 йил якунига кўра, 800 миллиондан ортиқ аҳолини камбағалликдан чиқаришга эришди. Бу ўз фуқароларини муносиб ҳаёт тарзи билан таъминлашнинг энг натижадор лойиҳаси эди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин орттирилган тажрибани ШҲТ мамлакатларига таклиф этди.

Маълумки, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибасини қўллай бошлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида маҳаллий шароит ва халқнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб лойиҳа ишлаб чиқарилди ҳамда у самарали қўлланилмоқда.  

Хитойнинг Шаньси провинцияси Яньлин шаҳрида бугун ШҲТга аъзо, кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар вакилларининг камбағалликни қисқартириш, фаровон ҳаёт билан таъминлаш масалаларига бағишланган форуми иш бошлади. Унинг иштирокчилари дастлаб Хитой тажрибаси маҳсули – камбағалликдан чиқарилган аҳоли турмуш тарзи, меҳнат фаолиятини акс эттирувчи кўргазма билан танишди.  

Сўнгра форумнинг очилиши ҳамда ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда нафақат ШҲТ майдонидаги, балки Осиё, Африкадаги Хитой тажрибасига қизиққан давлатлар вакиллари иштирок этмоқда.    

Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги юртимиз делегацияси ҳам қатнашяпти.  

Ялпи йиғилишда сўзга чиққан Жамшид Қўчқоров форум аҳамиятини таъкидлаб ўтди.  

–Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш борасида муҳим фармон ва қарорлар қабул қилди. Касбга ўқитиш, имтиёзли кредит ажратиш ва юмшатилган солиқ, иш ўрни яратиш, муносиб иш ҳақи тўлаш каби бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Бош вазирнинг ўринбосари. – Бу ишларга давлат 1 миллиард долларга тенг маблағ ажратди. Натижада 2022 йилнинг ўзида 1 миллион одам камбағалликдан чиқарилди.  

Жамшид Қўчқоров ялпи мажлисда Ўзбекистон томонининг амалий таклифларини ҳам айтди. Жумладан,  

–Камбағалликни қисқартириш тажрибаси Хитойда орттирилган ва бугун барча мамлакатларга таклиф этилаётган бўлсада, ҳар бир давлат уни бойитиб боряпти. Масалан, Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилма яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, кичик бизнес юритиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳатто ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси институти ташкил этилди. Шунинг учун ҳам ШҲТ қошида камбағалликни қисқартириш тажрибасини таҳлил ва тарғиб қилувчи доимий фаолият кўрсатадиган қўмита тузишни таклиф этаман, – деди Жамшид Қўчқоров.  

Ялпи йиғилишда сўзга чиққан Покистон бош вазири ўринбосари Мирза Муҳаммад Африди, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Шаньси провинцияси вице губернатори Ван Сяо Чен ва бошқалар камбағалликни қисқартириш умуминсоний муаммо ва замон олдида турган вазифа, у билан ҳамжиҳатликда курашиш зарур, дедилар.

Форум иши давом этмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, Яньлин, Хитой.

ЎзА