French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойдаги анжуман манзили Урумчидан Қашқарга кўчди
02:32 / 2024-04-12

Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур мухториятида Буюк ипак йўли иқтисодий маконида жойлашган давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги семинар давом этяпти.

Анжуманнинг навбатдаги тадбирлари тарихан Марказий Осиё билан чамбарчас боғлиқ Қашқар вилоятида режалаштирилган. Ташкилотчилар асосий, яъни минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар кўламини янада кенгайтириш мақсадидан келиб чиқиб, дастлаб иштирокчилар - турли давлатлар журналистларини Қашқарнинг шимолий қисмида жойлашган Иқтисодий ривожланиш ҳудудига бошлашди.  

Эндиликда замонавий иқтисодиётнинг ажралмас қисмига айланган ва турли минтақаларда Эркин иқтисодий зона, Эркин савдо зонаси тарзида турлича номланадиган бундай мажмуалар моҳиятан бир хил вазифани бажаради.

Мамлакат салоҳиятидан самарали фойдаланиб, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда жаҳон иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшади. Хитой бу борада анча  илгарилаб кетганини нисбатан камтарона ривожланган ғарбий провинция - Шинжон-Уйғур автоном райони мисолида сезиш мумкин. Зеро, мухторият жануби-ғарбида жойлашган Қашқар шаҳрида 2010 йил ишга туширилган Иқтисодий ривожланиш ҳудуди (ИРХ)да яратилган имкониятлар ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Мажмуа 3 йирик бўлимдан иборат: Комплекс фонд зонаси, Саноат зонаси, Замонавий индустрия маркази. Жами 4600 корхона фаолиятини мувофиқлаштирадиган муассасада асосий эътибор логистика, электрон тижорат, саноат ишлаб чиқариши, қайта ишлаш ва трансчегаравий савдо-сотиқни ривожлантириш каби бугунги кун учун долзарб ҳисобланган йўналишларга қаратилади. Мажмуа раҳбари ўринбосари Хонг Лен таъкидлашича, Қашқарда жуда кўп муҳим халқаро иқтисодий йўлаклар мавжуд.

- Европа ҳамда Жанубий, Марказий ва Ғарбий Осиёни ўзаро боғлашда жуда улкан аҳамият касб этадиган, турли цивилизациялар туташадиган нуқта - Қашқар вилояти яна ўзининг тарихий вазифасини бажара бошлади, - дейди жаноб  Хонг Лен.- Хитой-Покистон транспорт йўлаги, шунингдек минтақа келажагини белгилаши кутилаётган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли айнан шу диёрдан ўтади. Хитой-Мўғулистон-Россия иқтисодий йўлагидан фойдаланувчилар вилоят шимоли бўйлаб ҳаракатланади. Қашқарни кесиб ўтувчи Шимоли-шарқий йўлак эса бизни Манжурия ва Россия орқали кўҳна қитъа билан улайди.

Дарҳақиқат, охирги 3 йиллик давр таҳлили Қашқар ИРХ самарадорлиги кескин ошганидан дарак беради. Ушбу маскан кўмагида амалга оширилган экспорт-импорт қиймати 2021 йилдаги 37.1 миллиард юандан 2022 йил 282.2, 2023 йил якунида эса 496.5 миллиард юанга етган. Қашқар мамлакатдаги барча савдо зоналари рейтингида 3 йил ичида 110-ўриндан 30-ўринга кўтарилди. ЭИЗнинг умумий экспорт-импортдаги улуши, корхоналар сони ўсиши бўйича ҳам сезиларли даражада юксалиш кузатилган.

ЎзА Қашқар ва умуман Шинжон-Уйғур мухториятининг ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳаётига оид материаллар туркумини давом эттиради. Зеро, Ўзбекистоннинг ушбу минтақа билан ҳар томонлама муносабатлари қамрови мисли кўрилмаган жадалликда кенгайиб бораётган бир пайтда яқин ҳамкор ҳудуд тўғрисидаги маълумотлар кўпчилик учун фойдали бўлиши мумкин.

Ғайрат Хонназаров, ЎзА

Шинжон-Уйғур автоном райони Қашқар шаҳридан тайёрланди.