Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин мамлакат шимоли-ғарбидаги Ганьсу ва Цинхай провинцияларида ер қимирлашидан жабр кўрган фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш учун зудлик билан қидирув-қутқарув ишларини олиб боришга чақирди.
Ҳудудга маҳаллий фавқулодда қутқарув, ўт ўчириш, ҳарбий ва полиция бўлинмаларининг 4 мингга яқин ходими жўнатилди.
Қайд этилишича, табиий офат зонасига гуманитар юк – чодир, сўри ва кўрпа-тўшак етказилган.
Гувоҳлар хабар беришича, зилзиладан сўнг уй, йўл ва инфратузилма объектлари зарар кўрган, жуда кўп қишлоқларда электр, сув таъминоти узилган.
Маҳаллий иқлим хизмати минтақада ҳарорат -15 даражагача тушиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Маълум бўлишича, ер 10 соат ичида 4 марта қимирлаб, энг кучлиси 4,1 магнитудани кўрсатган.
Ҳимолой тоғидаги кенг ёриқ чизиқда жойлашган бу сейсмик минтақа Хитойнинг кучли зилзила тез-тез содир бўладиган ҳудудидир.
2022 йил сентабр ойида Сичуань музофотида кузатилган 6,8 магнитудали зилзила оқибатида камида 93 киши ҳалок бўлган. 2008 йил худди шу вилоятда содир бўлган 7,9 магнитудали даҳшатли зилзила натижасида 90 мингга яқин одам ҳалок бўлган.
Гўзал Сатторова, ЎзА