Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойда учта фарзандга рухсат берилиши мумкин
19:41 / 2021-06-01

Хитойнинг туғилишни назорат қилишни юмшатиш бўйича олиб бораётган келгуси сиёсати, жумладан, оилаларга уч фарзанд кўришга рухсат бериш аҳолининг кексайиш муаммоси ҳал қилинишига ёрдам беради.

Мамлакат Коммунистик партияси Марказий Кенгашининг сиёсий бюроси ўтказган мажлиси якунлари бўйича тарқатилган баёнотда шу ҳақда гап боради.

Ҳужжатда келтирилишича, Хитой ҳукумати мамлакатда демографиянинг ўзгаришига қараб изчил равишда турли чораларни қўллаб келган. Ушбу чораларнинг барчаси ижобий самара бермоқда, дейилади хабарда.

Бироқ фуқароларнинг кексайиш жараёни кейинги йилларда тезлашди.

Оилаларнинг учинчи фарзандни кўриши аҳоли тузилмасини яхшилашга ёрдам беради, шунингдек, «Хитойнинг инсон ресурслари соҳасидаги имкониятларини оширади».

1970- йилларда Хитой аҳолининг кўпайишини назорат қилиш учун «бир оила – бир фарзанд» сиёсатини жорий қилди. Шаҳар аҳолиси бир фарзанд, қишлоқ аҳолисига эса – агар биринчиси қиз туғилса икки фарзанд кўришга рухсат берилди. Вақт ўтган сайин ушбу чора гендер мувозанатининг бузилишига ва аҳолининг кексайиши каби демографик муаммоларга олиб келди.

2013 йилда ҳукумат пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун ушбу сиёсатни юмшатишга қарор қилди. Жуфтликнинг бири ўз оиласида ягона фарзанд бўлса, бундай оилаларга иккита фарзанд кўришга рухсат берилди. Ҳозир эса Хитойда барча оилалар иккита фарзанд кўриши мумкин.

Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг ўртача ёши 38,8 ёшни ташкил этмоқда. Бироқ 60 ёшдан ўтганларнинг улуши ҳам тез кўпаймоқда ва бу ҳукумат учун муаммо туғдиради.

Хитойда сўнгги бор ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари натижаларига кўра, аҳолининг ёш бўйича кўрсаткичида қариялар сони тобора ортиб бораётгани аён бўлди. Агар аҳвол шундай давом этса 2050 йилга келиб аҳолининг учдан бири қарияларни ташкил этиши ва уларнинг ҳаммасини нафақа билан таъминлаш лозимлиги айтилмоқда.