Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитойда “Doing Business in Uzbekistan” форуми бўлиб ўтди
17:17 / 2020-11-06

Хитой Халқ Республикаси Шанхай шаҳридаги Миллий кўргазма ва конгресс маркази (CIIE)да “China International Import Expo-2020” 3-Халқаро импорт товарлари кўргазмаси доирасида видеоконференция шаклида “Doing Business in Uzbekistan” бизнес-форуми ўтказилди.

Тадбир Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчихонаси билан биргаликда Хитойнинг ишбилармон доиралари орасида Республиканинг иқтисодий, инвестициявий ва экспорт салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.

Хитойнинг йирик компаниялари вакиллари, вазирлик, идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон дипломатик корпуси масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида кечган мазкур анжуманда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов, мамлакатимизнинг ХХРдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов, ИТСВ ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш, Экспортни рағбатлантириш агентликлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг тармоқ вазирлик, идоралари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Форум давомида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан бири - ХХР билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мутлақо янги форматини яратишга имкон берадиган узоқ муддатли муносабат ўрнатиш асосларини изчил мустаҳкамлаш муҳимлиги билдирилди.

Хитойлик инвесторларга Республикадаги инвестиция муҳити билан боғлиқ сўнгги тенденциялар, ишбилармонлик билан шуғулланиш учун шароитларни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, халқаро молия институтлари, жумладан, Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорлик жадал суръатда ривожланаётгани тўғрисида батафсил маълумот берилди. Амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда янги ташкил этилган хорижий корхоналар сони уч бараварга кўпайгани, Хитой капитали иштирокидаги компаниялар сони эса 531 тага кўпайиб, айни пайт 1757 тани ташкил этиши қайд этилди.

Ўзбекистоннинг инвестициявий ва савдо ҳамкори сифатидаги афзалликлари – қулай географик ўрни, ишбилармонлик билан шуғулланиш учун яратилган шароитлари, улкан саноат салоҳияти ва ривожланган инфратузилмаси алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиш драйвери бўлган тўқимачилик ва кимё саноатига алоҳида эътибор қаратилди - тегишли тармоқ бирлашмалари раҳбарлари пандемия шароитида ушбу йўналишларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мазмуни акс этган тақдимот ўтказилди.

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ўз маҳсулотлари экспортини 1,5 миллиард долларга етказишга муваффақ бўлган. Хитойга амалга оширилган экспорт эса 257 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткичларга бошқа чоралар қатори, тайёр маҳсулот экспортини диверсификация қилиш ва тиббий ниқоб, ҳимоя комбинезони, жинси ва тўқима матолар етказиб беришни йўлга қўйиш орқали эришилди.

Учрашувда, шунингдек, кимё саноатини хусусийлаштириш борасида олиб борилган ишлар ҳисобига соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш жараёнида эришилган муваффақиятлар қайд этилди: айни пайт “Ўзкимёсаноат” АЖ акцияларининг 51 фоизи хусусий сармоядорларга сотишга тайёрланмоқда. Инвесторлар жалб этилиши соҳада корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш ва ишлаб чиқаришга замонавий сув ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш имконини беради.

Форум иштирокчилари ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш истиқболи юзасидан фикр алмашдилар, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида шерикликни йўлга қўйиш бўйича амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.