Хитойда АҚШ элчисининг электрон почтаси ҳужумга учради
Хитой ҳукуматига алоқадор хакерлар АҚШ Пекиндаги элчиси Николас Бернснинг электрон почтасини бузиб, юз минглаб ёзишмаларни қўлга киритган, деб ёзмоқда “Wall Street Journal”.
Хабарда кибер бузғунчилардан Давлат департаменти Шарқий Осиё йўналиши бўйича куратори Дэниел Критенбринк ҳам жабр кўргани айтилмоқда.
Иккала дипломатнинг ҳам электрон почтасида махфий ҳисобланмаган ҳужжатлар сақланган, бироқ хакерлар америкалик мансабдор шахслар ташрифларини режалаштириш бўйича маълумотларни қўлга киритиб, икки томонлама муносабат бўйича идора ичидаги мулоқот тафсилотидан хабар топишга муваффақ бўлган, дейилади мақолада.