2024 йилнинг июли 1961 йил – тўлиқ ўлчов бошлангандан бери энг иссиқ ой сифатида эътироф этилди.
“China Daily” нашри хабарига кўра, еттинчи ой мамлакатда ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 23,2 даражага етди, бу ўтган йиллардаги ҳароратдан 1,1 юқори.
Июль ойида бутун мамлакат бўйлаб мунтазам кучли ёмғир ёғди, ҳаво жуда қизиб кетди. Жанубда жазирама тўлқини кенг тарқалиб, узоқ давом этди. Бир неча ҳудудда 20 кундан зиёд юқори ҳароратлар қайд этилди.
Жами 59 миллий метеорология станцияси кунлик энг иссиқ ҳароратни қайд этди. Натижада барча вақтлардаги рекордлар янгиланди ёки такрорланди. Шанхайнинг қатор ҳудудларида кун ўртасида 39,9°C кузатилди.
Ўтган ой бутун дунё бўйлаб иссиқлик рекорди янгиланди: 22 июль Ерда энг иссиқ кун бўлиб, глобал ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 17,15 даражага чиқди.
Ўртача ҳарорат кескин ошиши, биринчи навбатда, Шимолий ярим шар, хусусан Шимолий Aмерика ва Европа ҳамда Aнтарктиданинг катта қисми одатдагидан сезиларли даражада исиши билан боғлиқ.
Метеорологлар тахминича, Хитойнинг аксар ҳудудида ҳаво августда ҳам одатдагидан иссиқ бўлиб қолади. Ойнинг биринчи ярмида икки марта сезиларли иссиқлик тўлқини кўтарилиши, ой охирига келиб ҳарорат пасайиши кутиляпти. Яқин кунларда ҳарорат яна ошиши мумкин, дея огоҳлантирган CCTV. Шанхайдан 160 километрда жойлашган Ханчжоу шаҳрида 43°C фараз қилинган.
Дарвоқе, июль ойида кучли ёмғир Хитойнинг марказий қисмида 30 дан кўп одамнинг ҳаётига зомин бўлди, юз минглаб одамни бошпанасиз қолдирди.