Шу кунларда Хитой Этник ишлар бўйича миллий комиссияси раҳбари Пан Юэ бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон ва Хитой ўртасида миллатлараро муносабат, илмий-тадқиқот ва инновация, таълим сингари турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан иборат.
Ташриф доирасида Симпозиумлар саройида Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг Хитой делегацияси аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.


М.Комилов меҳмонларни қизғин қутлаб, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан юртимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида олиб борилаётган сиёсат хусусида сўз юритди. Жумладан, мамлакатларимизни минг йиллардан бери давом этиб келаётган маданий, иқтисодий ва дўстлик алоқалари бирлаштириб туриши, бугунги кунда ҳам алоқалар тобора ривожланиб бораётгани айтилди. Мамлакатимизда Конфуций институти фаолият олиб бораётгани, 2019 йил Самарқандда ушбу аллома ҳайкали ўрнатилгани, ХХРдаги олий таълим даргоҳларида ўзбек тили ўргатилаётгани, Хитойда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилгани давлатларимиз ўртасида яхши алоқа йўлга қўйилганидан далолат.
Ташриф давомида яна қатор истиқболли келишувларга эришиш кўзда тутилган. Юртимиздаги Маданий марказлар ҳузурида имтиёзли дўстлик уйлари барпо этилмоқда, давлат гранти, субсидиялар тақдим этиб борилади. Миллатлараро муносабатлар қўмитаси билан ХХРнинг бир неча ташкилоти ҳамкорлик қиляпти.


Ўз навбатида Пан Юэ Хитой ҳам Ўзбекистонга ўхшаш кўп миллатли, бой тарихга эга давлат эканини айтди. Ҳозир Хитойдаги ўзбеклар сони 13 000 га етди. Давлатимиз миллатлараро муносабатлар йўналишида олиб бораётган сиёсатнинг устувор жиҳатларидан бири давлат ва турли идора, ташкилотлар фаолиятида хорижликлар ҳам меҳнат қилишини таъминлаш, уларга шароит яратишдир.
ХХР раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан Конфуций ва Ислом дини муштараклиги ўрганилмоқда. Бундан мақсад миллий хилма-хилликни кўпайтириш, маданиятлар ривожи учун имконият яратишдир. Келгусида ёшлар таълими соҳасида ҳам ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.
Меҳмонлар Ўзбекистон фуқароларининг қонун олдидаги тенглиги сиёсатини юқори баҳолаб, таълим, технология каби соҳаларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини қайд этди.


Делегация аъзолари Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ҳам бўлишди. Учрашувда қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев тузилма фаолияти юзасидан батафсил маълумот берди. Суҳбат давомида икки мамлакат дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилган ишлар, келгусида қилиниши кутилаётган масалалар юзасидан фикр алмашилди. Давлатларимиз ўртасида ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва туризм соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
– Ўзбекистон ва Хитой ўртасида бошқа соҳалар қатори маданий-маърифий алоқа ҳам ривожланмоқда, – деди делегация раҳбари Пан Юэ. – Бугунги мулоқот ҳам янги ҳамкорликнинг бошланиши. Икки мамлакат жамоатчилигининг бундай фаол мулоқоти мамлакатларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлайди.
Гўзал Сатторова, ЎзА