Кеча Сямэнь шаҳрида бўлиб ўтаётган 25-Хитой халқаро инвестиция ва савдо ярмаркаси (CIFIT) доирасида “Invest in Uzbekistan” бренди остида Ўзбекистон айвони тантанали равишда очилди.
1997 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган CIFIT — Хитойнинг энг йирик инвестиция ва савдо кўргазмаси ҳисобланади. Жорий йил мазкур тадбирда ўнлаб давлатлар вакиллари, иқтисодиётнинг турли соҳаларини қамраб олган 500 дан зиёд етакчи маҳаллий компаниялар иштирок этмоқда.


Тўрт кун давомида вакилларимиз меҳмонларга мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги, геология, туризм, кимё ва тўқимачилик саноати, шунингдек чарм ҳамда ипакчилик соҳаларидаги салоҳиятини тақдим этади.


Дастур доирасида тақдимотлар, маҳсулот намойишлари, семинарлар ҳамда ўзбек ва хитой тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ташкил этилади. Бундан ташқари икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестиция жалб этишга қаратилган G2G, G2B ва B2B форматида учрашувлар режалаштирилган.
М.Пирматова, ЎзА