“Синьхуа” хабар беришича, 17 июнь куни Сеулда “Уч томонлама ҳамкорликнинг 25 йиллиги: ҳамкорликни институционаллаштириш ва алмашинувни рағбатлантириш” мавзусидаги 2024 йилги Хитой – Япония – Корея Республикаси ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Тадбир Хитой, уч давлат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича котибият томонидан ташкил этилди.
Котибият раҳбари Ли Хи Суп ўтган 25 йил давомида уч мамлакат биргаликда мураккаб вазиятларда глобал муаммоларни ҳал этиб, қийинчиликларни енгиб, имкониятга айлантирганини таъкидлади.
Анжуман доирасида икки мавзу – “Янгиликни кашф қилиш, эскини мерос қилиб олиш: биргаликда келажакка қараш” ва “Рақамли трансформация: ўзаро идрокни яхшилаш усулларини излаш йўлида” сессиялари ташкил қилинди. Собиқ таниқли сиёсатчилар, юқори мартабали амалдорлар, дипломатлар, таниқли олимлар ва экспертлар давра суҳбати шаклида бугунги кунда ўзаро ишонч инқирозини бошидан кечираётган уч давлат ўртасидаги ҳамкорлик тажрибасини таҳлил қилишди. Иштирокчилар мавжуд вазиятни баҳолаб, келажакдаги йўналишларни белгилаб олишди, рақамли асрда ўзаро англашувни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашди.
2011 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур форум Котибиятнинг Хитой, Япония ва Корея Республикаси ҳамкорлиги бўйича йиллик асосий ташаббусларидан биридир. Ушбу лойиҳа уч томонлама ҳамкорлик тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш ва алоқаларни ривожлантириш бўйича уч давлат ҳукуматига батафсил тавсиялар беришни кўзда тутади.