French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой – Япония алоқалари илиқлашиб бормоқда…ми?
10:09 / 2020-11-27

Хитой Давлат Кенгашининг аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И Японияга ташриф буюрди.

У жорий йилнинг февраль ойидан бери Японияга ташриф буюрган юқори лавозимли биринчи Хитой вакили бўлди. Хитой Япониянинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Шу сабабли ҳам жаҳон оммавий ахборот воситалари Хитой ташқи ишлар вазирининг Японияга ташрифини кенг ёритмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Ван И ўз вақтида Хитойнинг Японидаги элчиси бўлган. Хитой халқаро тадқиқотлар институти эксперти Ян Сиюйнинг фикрича, Ван Ининг Японияга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги барқарор муносабатларни қарор топтиришни кўзлайди.  

Экспертнинг фикрича, Хитой дипломатияси Пекин ва Вашингтон ўртасидаги кескинлик Осиёнинг икки қудратли давлати бўлмиш Хитой ва Япония муносабатларига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун ҳаракат қилмоқда.

Хитой ташқи ишлар вазири аввалига Токиода ҳукмрон ЛДП Бош котиби Тосихиро Никай билан учрашди. Томонлар биргаликдаги саъй- ҳаракатлар натижасида сўнги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барқарор ривожланиш ўзанига тушиб олганини таъкидладилар. Бу ҳақда "Синхуа" ахборот агентлиги маълум қилди.

ХХР ташқи ишлар вазири Пекин ва Токио коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши курашда ҳамкорлик қилаётганини қайд қилди.

Учрашувда иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шундан сўнг, Япония бош вазири Ёсихиде Суга Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди. Ван И бош вазир Ёсихиде Сугага ХХР раиси Си Сзинпиннинг табригини етказди.  

Ван И Япониянинг янги ҳукумати шакллантирилганидан сўнг Си Сзинпин телефон орқали бош вазир Ёсихиде Суга билан мулоқотда бўлганини, улар икки мамлакат муносабатларини яхшилаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганликларини таъкидлаб ўтди.

Ван И кўп йиллик саъй-ҳаракатлар натижасида Хитой– Япония муносабатлари тўғри изга тушиб олганини, томонлар эришилган муваффақиятларни қадрлашлари лозимлигини қайд қилди. У янги замон талабларига мос тушадиган Хитой – Япония муносабатлари шаклланиши йўлида Хитой томони ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Ўз навбатида Ёсихиде Суга табрик йўллагани учун ХХР раиси Си Сзинпинга миннатдорчилик билдирди ва Ван Идан Хитой раҳбариятига самимий салом элтишини илтимос қилди.  

Унинг айтишича, Япония – Хитой муносабатларининг барқарорлашуви нафақат икки мамлакат учун, балки минтақа ва бутун жаҳон учун аҳамиятлидир.  

"Япония янги вазирлар маҳкамаси Япония– Хитой муносабатларига алоҳида эътибор қаратади. Япония томони Токиода ёзги Олимпиада ўйинлари ва Пекинда Қишки Олимпиада ўйинлари ўтказилишида, ҳамда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 50 йиллигини нишонлаш масаласида Хитой билан ҳамкорлик алоқалари кенгайишига умид қилади",  дея таъкидлади Ёсихиде Суга.

Шуни таъкидлаш керакки, Хитой ва Япония ўртасида бир қатор ечимини кутаётган масалалар бор. Жумладан Иккинчи жаҳон уруши масаласида икки мамлакат ўртасидаги баҳслар ҳамон давом этмоқда.

2006 йилда Япония ҳукуматига Синдзо Абэ раҳбар этиб сайланганидан сўнг Хитой – Япония муносабатлари илиқлаша бошлади, икки мамлакат раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтди.  

ХХР раиси Си Сзинпин 2015 йил 23 май куни Хитой-Япония муносабатларини ривожлантиришга бағишланган муҳим баёнот билан чиқди. У Хитой-Япония муносабатлари икки мамлакат халқлари қўлида эканини таъкидлади.

Япония ва Хитой жуғрофий яқин бўлишига қарамай, ўзига хос тарихий, сиёсий, ижтимоий хусусиятларга эга бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Хитой дунёда аҳолиси энг кўп бўлган социалистик давлат бўлса, Япония очиқ парламентга эга бўлган конституцион монархия давлатидир.

Хитой ва Япония жаҳондаги иқтисодиёти тараққий этган мамлакатлар ҳисобланадилар. Юқори технологияларни ҳаётга жорий қилишда ҳар икки мамлакат олдинги ўринларда туради. Ҳар икки мамлакат кучли иқтисодиётга эга бўлишига қарамай, Япония аҳолисининг турмуш даражаси Хитойга қараганда анча юқори туради.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА