Хитой ҳукумати томонидан Тайваннинг Демократия жамғармаси ҳамда Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармасига нисбатан интизомий чоралар кўрилмоқда.
Бу ҳақда ХХР Давлат кенгаши вакили маълум қилди, дейилади "Interfax.ru" хабарида.
Хабарда расмий вакилнинг "Халқаро миқёсда демократия ва ҳамкорликни ривожлантириш ниқоби остидаги бу тузилмалар Тайван мустақиллигини эълон қилишга қаратилган сепаратистик фаолият билан шуғулланмоқда...Жамғармалар Хитойга қарши кучларни жалб қилиш, қитъага ҳужум қилиш ва обрўсизлантириш билан Тайваннинг "халқаро майдони"ни кенгайтириш учун барча имкониятдан фойдаланмоқда" деган нутқи иқтибос қилиб келтирилган.
Хитой ҳукумати қарорига кўра, мазкур тузилмаларга Хитой ҳудудидаги ташкилотлар, корхоналар ва жисмоний шахслар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланган. Бундан ташқари, юқорида кўрсатилган жамғармаларни молиялаштирган ёки уларга хизмат кўрсатувчи Хитой ташкилотлари, корхоналар ва жисмоний шахсларга нисбатан санкциялар жорий этиш назарда тутилган.