Сўнгги пайтларда қатор ғарб давлатлари етакчиларининг Хитой Халқ Республикасига амалга ошираётган ташрифлари халқаро муносабатларда кузатилаётган муҳим жараёнларни акс эттирмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар ва жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар сақланиб қолаётган шароитда давлатлар ташқи сиёсатда реал манфаатлар, прагматизм ва конструктив мулоқотга тобора катта эътибор қаратмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ушбу жараёнларда асосий ўзгариш Хитой сиёсатидан кўра, айрим ғарб давлатларининг ёндашувларида намоён бўлмоқда. Хитой ташқи сиёсати узоқ йиллар давомида изчиллик ва барқарорлик тамойилларига таяниб келмоқда. Бу эса уни халқаро майдонда ишончли ҳамда масъулиятли ҳамкор сифатида намоён этмоқда.
Хитой ташқи сиёсий стратегиясининг бундай изчиллиги унинг бой тарихий-маданий меросига таянади. “Уйғунлик энг олий қадрият” ва “турлиликдаги бирлик” каби фалсафий қарашлар амалда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, тараққиёт моделини мажбурий тарзда экспорт қилмаслик, мавжуд масалаларни тинч ва конструктив мулоқот орқали ҳал этиш, шунингдек, ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатлар уйғунлигига асосланган ҳамкорликни изчил илгари суришда намоён бўлмоқда.

Бугун халқаро хавфсизлик ва иқтисодий барқарорлик масалаларига нисбатан ёндашувлар ўзгармоқда. Давлатлар глобал муаммоларни якка тартибда эмас, балки ҳамкорлик ва мулоқот орқали ҳал этиш зарурлигини англаб етмоқда. Шу нуқтаи назардан, Хитой билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўплаб мамлакатлар учун амалий аҳамият касб этмоқда.
Мазкур глобал тенденциялар Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамиятга эга. Мамлакатимиз томонидан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат доирасида, турли давлатлар билан мувозанатли ҳамкорликка асосланган ёндашув асосида Хитой Халқ Республикаси билан ўрнатилган ҳар томонлама стратегик шериклик изчил ривожланиб бормоқда. Бу ҳамкорлик савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилма ва инновация соҳаларида қўшма ташаббусларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон ташқи сиёсатда очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий натижага қаратилган ёндашувни устувор деб билади. Ана шу тамойиллар асосида Хитой билан ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли тараққиёт манфаатларига тўлиқ жавоб беради.
Глобал ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва умумий тараққиёт мақсадларига эришишга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА